Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 173 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Миср чегарасидан унча узоқ бўлмаган Рафаҳ шаҳрига катта ҳужумлар уюштирди. Нусейрат, Хон Юнис ва Жабалия лагерларига ҳам зарба берилди. Кун давомида 81 киши шаҳид бўлди, 93 киши яраланди.

▪️ Босқинчилар Носир касалхонасига бостириб кирди, у ерда тиббиёт ходимлари ва кўчирилганлар ҳибсга олинди.

▪️ Ғарбий Соҳилда ишғолчилар Женинга бостириб кирди, натижада 19 ёшли фаластинлик шаҳид бўлди, Наблисдаги уйида бир қиз ҳалок бўлди, яна 5 киши эса оғир яраланди.

▪️ Чет эл самолётлари томонидан Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами денгизга тушиши натижасида камида 13 нафар фаластинлик сувдан озиқ-овқат қутиларини олишга уринишда ҳалок бўлди.

▪️ Босқинчилар Ливан жанубидаги Ал-Хабария шаҳрига ҳужум қилди. Ҳужум натижасида тез ёрдам марказининг 7 нафар кўнгиллиси ҳалок бўлди.

▪️ ОАВ: Ливандан Юқори Жалила томон 30 дан ортиқ ракета учирилди. Кирят Шмонада бир кўчманчи яҳудий ҳалок бўлди. Катта вайронагарчиликлар мавжуд.

▪️ Ал-Қассам бригадалари: Жангчиларимиз Ар-Рашид кўчасида бир гуруҳ босқинчиларни йўқ қилди.

▪️ ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Иззат ал-Ришқ Исроилнинг икки ҳафта муқаддам ҳаракатдаги учинчи муҳим шахс ҳисобланувчи Марвон Исо туннелга уюштирилган ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлгани тўғрисидаги иддаосини шубҳали деб атади. У охирги сўзни Иззад-Дин ал-Қассам бригадаси (ҲАМАСнинг жанговар қаноти) айтишини маълум қилди.

▪️ Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний яҳудий аҳоли пунктларидан ва Эммануэл саноат зонасидан чиқарилган суюқ ва қаттиқ чиқиндилар Фаластин аҳоли саломатлигига таҳдид солаётгани ва қишлоқ хўжалиги ерларини ёмонлаштираётгани маълум қилинди.

▪️ Туркия Миллий мудофаа вазирлиги январь ойида ҳам Исроилга порох, портловчи моддалар, ўқ-дори ва қурол экспорт қилишда давом этгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, фақат “ов милтиғи эҳтиёт қисмлари ва балиқчилик воситалари (гарпун ва бошқа)” сотилганини билдирди.

Мавзуга алоқадор