Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 172 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Рафада тинч аҳоли яшаётган уйга зарба бериши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди. Яҳудий армияси, шунингдек, Ғазо шимолига ҳам зарбалар берди. Кун давомида 107 киши шаҳид бўлди.

▪️ Ғарбий Соҳилда босқинчилар Женин, Рамаллаҳ, Наблус, Хевронда оммавий ҳибсга олмоқда. Балат лагерида босқинчилар Фатҳ ҳаракатининг штаб-квартирасини портлатиб юборди.

▪️ Ал-Қассам Бригадалари: Биз Ғазо шаҳридаги Ал-Тафел ҳудуди чегараларини босиб ўтган босқинчиларни миномётлардан ўққа тутдик, бу эса уларни ўз қўшинларини ҳудуддан олиб чиқишга мажбур қилди.

▪️ БМТ ҳисоботида Исроил Ғазода геноцид содир этганликда айбланади: Исроил Ғазода кўплаб геноцидларни амалга оширди. Исроилнинг Ғазога ҳужуми табиати ва кўлами фаластинликларни жисмонан йўқ қилиш ниятидан далолат беради.

▪️ Ливан Ҳизбуллоҳи: Биз Ал-Муталлаҳда исроиллик аскарлари жойлашган бинога аниқ зарба бердик.

▪️ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияси қабул қилинишини дунё олқишламоқда. Овоз беришдан кейин залда ҳам қарсаклар янгради.

▪️ Исроил аскарлари томонидан қамал қилинган Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган Амал касалхонаси ўз фаолиятини тўхтатди.

▪️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатиш талаб қилган резолюцияни қабул қилганига қарамасдан, Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац: “Исроил ўт очишни тўхтатмайди. Биз ҲАМАСни йўқ қиламиз ва охирги (исроиллик) маҳбус қайтиб келгунча курашамиз”, деди.

▪️ Иорданияда намойишчилар кетма-кет иккинчи кун норозилик намойишларини давом эттирмоқда. Улар: “Ғазо очликдан ўляпти, эй қўрқоқ араб ҳукуматлари”, деб ҳайқирганча Ғазо билан бирдамлик билдириб, ишғолчи кучларнинг давомли тажовузини қораламоқда.

▪️ АҚШ Қуролли кучларининг бир неча ҳарбий самолётлари Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятида Башар Асад режими тарафида бўлган эронпараст гуруҳларнинг ҳарбий нишонларига ҳужум қилди. Дайр-аз-Зор шаҳри маркази, шунингдек, Ал-Букамал ва Ал-Маядин туманларидаги 10 та ҳарбий объектга, жумладан, ўқ-дорилар омборига зарба берилган.

Мавзуга алоқадор