Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 166 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Нусейрат лагерига ҳужум уюштириб, асосан аёллар ва болалардан иборат 27 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Шунингдек, ҳужумлар Байт Лаҳия, Зайтун ва Римал ҳудудлари ҳамда Буриж лагерига ҳам уюштирилган. Жами 31 819 киши шаҳид бўлди, улардан 14 000 нафари болалар.

▪️ Ғарбий Соҳилда ишғолчилар Байтлаҳм, Тулкарм, Хеврон, Ерихо, Наблус ва Рамаллаҳда фаластинликларни қўлга олиш учун кенг кўламли рейдлар ўтказмоқда. Бир фаластинлик ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар ҳибсга олинди.

▪️ Босқинчилар Ғазо марказида сектор шимолига гуманитар ёрдам жўнатиш ишларида иштирок этаётганларга қарата ўт очиши натижасида Халқ мудофаа қўмитасининг 23 аъзоси ҳалок бўлди.

▪️ Исроил олий суди Шарқий Қуддусда фаластинликларга қарашли учта уй жойлашган ерни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

▪️ Ироқ қаршилик кучлари дронлар ёрдамида Тел-Авивдаги Бен Гурион аэропортига ҳужум қилди.

▪️ Босқинчи армия Эйлат портида Яман ракетасини уриб тушира олмаганини тан олди.

▪️ Исроил собиқ бош вазири ва Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Канада ҳукуматининг Тел-Авивга қурол сотишни тўхтатиш ҳақидаги қарорига изоҳ берар экан, амалдаги ҳукуматнинг виждонсиз сиёсати туфайли Исроил халқаро муносабатларда таназзулни бошдан кечираётганини таъкидлади.

▪️ БАА ТИВ 19 март, сешанба куни эрталаб Ғазо сектори шимолига илк бор денгиздан 200 тонна гуруч, ун ва тайёр таомлар етказиб берилганини маълум қилди. Кипрнинг юнон қисмидаги Ларнак портидан яна 240 тонна инсонпарварлик ёрдамини жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда.

▪️ Европа-Ўртаер денгизи инсон ҳуқуқлари бўйича монитор: Босқинчилар Шифа мажмуаси ҳудудида кўчирилган одамларни далада қатл қилишмоқда. Биз Шифо ва унинг атрофида 60 дан 80 гача одам ўлдирилгани ҳақида далиллар тўпладик.

▪️ Таниқли америкалик яҳудий олим ва фаол Норман Финкелштейн Ғазода ҳукм сураётган очлик устидан кулган Франциянинг La Liberation газетасини нацистларнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги Der Stürmer нашри билан тенглаштирди.

▪️ Ирландия бош вазири Лео Варадкар АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувда ирландияликларнинг фаластинликлар билан ўхшаш жиҳатлари ҳақида гапирди. “Уларнинг кўзларида ўз ўтмишимизни кўрамиз: мажбурий кўчирилиш, мол-мулкдан маҳрум этилиш, шубҳа остига олинган ва рад этилган миллий ўзига хослик, камситилиш ва ҳозир очарчилик ҳикоясини”, - деди у.

Мавзуга алоқадор