Исроил Ғазо секторида босқинчилик урушини бошлаганига 165 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар дайжести.

▪️ Босқинчилар Рафаҳ, Ғазо маркази ва Жабалияга зарбалар берди. Кун давомида 8 та оммавий қотиллик содир бўлди, бунинг натижасида 81 киши шаҳид бўлди, 116 киши яраланди.

▪️ 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 31,7 минг кишидан ошди, эксклавнинг 73,7 мингдан ортиқ аҳолиси жароҳат олди.

▪️ Ғарбий Соҳилда босқинчилар Қалқиля, Рамаллаҳ, Ҳеброн ва Балата лагерида фаластинликларни қўлга олиш учун рейдлар уюштирди. Қаршилик кучлари ҳам босқинчиларга қарши курашди.

▪️ Босқинчи ОАВ маълумотларига кўра, кеча Шифа касалхонасига уюштирилган ҳужум чоғида босқинчилар 20 фаластинликни ўлдирган, 200 дан ортиқ кўчирилганлар, журналистлар ва шифокорларни ҳибсга олган.

▪️ Шифада ҳибсга олиниб, сўнгра қўйиб юборилган Ал-Жазира телеканали мухбири Исмоил ал-Гулнинг сўзларига кўра, улар 12 соат кўчада яланғоч, қўл ва кўзлари боғланган ҳолатда ушлаб турилган.

▪️ Исроил Халқаро суддан Ғазога инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш учун фавқулодда буйруқ бермасликни сўради.

▪️ БМТ бош котиби: Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувимни такрорлайман. Секторнинг шимолий қисмида яқинлашиб келаётган очарчилик бутунлай техноген фалокатдир.

▪️ Бугун тунда босқинчилар Дамашқ яқинида зарбалар берди, бироқ Россия ҳаво мудофааси ракеталарни уриб туширган.

▪️ Ғазода уруш бошланганидан буён АҚШдан Исроилга 300 та самолёт ва 50 та кемада 35 минг тоннадан ортиқ ўқ-дори келтирилди.

▪️ Қатарда Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати делегациялари ўртасида асирларни алмашиш бўйича келишувга эришишга қаратилган музокаралар расман бошланди. Музокаралар тахминан икки ҳафта давом этиши мумкин. Таъкидланишича, ҲАМАС томонидан қарор Қатардаги вакиллар эмас, балки Ғазода турган ҳаракат етакчиси Яҳё Синвар томонидан қабул қилинади.

Мавзуга алоқадор