Туркия Миллий мудофаа вазирлиги Х ижтимоий тармоғида Исроил билан ҳеч қандай қўшма фаолият, жумладан, ҳарбий тайёргарлик, машқлар ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилмаслигини билдирди.

Вазирлик баёнотида Исроилнинг Ғазодаги касалхоналар, мактаблар, диний ибодат жойлари, қочқинлар лагерлари ва тинч аҳолини нишонга олган тартибсиз зўравонлик ҳаракатлари давом этаётгани таъкидланган.

“Туркия Республикаси ҳар доим Фаластинни қўллаб-қувватлаган, шу нуқтаи назардан, Фаластин халқига зарар етказадиган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас. Туркия Миллий мудофаа вазирлиги Исроил билан ҳарбий таълим, машғулотлар ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни ўз ичига олган ҳеч қандай қўшма фаолият олиб бормайди”, - дейилади баёнотда.

Аввалроқ айрим интернет сайтлари Туркия Статистика институти (TUIK) январь ойида ҳам Туркия Исроилга порох, портловчи моддалар, аланга олувчи моддалар, ўқ-дори, қурол ва эҳтиёт қисмларини экспорт қилишда давом этгани ҳақидаги маълумотларини тарқатган эди.

Туркия Миллий мудофаа вазирлиги ушбу маълумотларга изоҳ бериб, “36-банд: Порох ва портловчи моддалар, пиротехника воситалари, пирофорик қотишмалар, ёнувчан материаллар” деганда “суюқ ёқилғи ва ёндиргич гази”, “93-банд: Қурол ва ўқ-дорилар; уларнинг қисмлари ва аксессуарлари” номи остида эса “силлиқ стволли ов милтиғи эҳтиёт қисмлари ва аксессуарлари ҳамда балиқчилик воситалари (гарпун ва бошқалар” назарда тутилганини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор