Толибон ҳукумати Абдул Ғаффор Тиравийни Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинлади, дея хабар берди Tolo News. Қайд этилишича, томонлар бу борада келишувга эришган ва Тиравийнинг тез орада Тошкентда иш бошлаши кутилмоқда.

Этник ўзбек Абдул Ғаффор Тиравий аввал Афғонистон Олий судида тадқиқот бўлими директори лавозимида ишлаган. Собиқ элчи Муғфуруллоҳ Шаҳоб «Толибон» раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода амалдорларнинг яқинларини давлат лавозимларига тайинлашни тақиқлаганидан сўнг истеъфога чиқди.

2024 йил август ойи ўрталарида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда янги афғон дипломати фаолиятини бошлаш бўйича ижобий қарор қабул қилинганини билдирганди.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Афғонистонга ташрифи чоғида умумий қиймати 2,5 миллиард долларга тенг бўлган 35 та ҳужжат имзоланган.

Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини жорий йилда 1 миллиард долларга, келгусида эса 3 миллиард долларга етказиш мақсади кўзланган ўзаро савдо масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Абдулла Арипов, шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонни қиймати 4,8 миллиард долларлик Трансафғон темир йўли қурилишида қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Ўз навбатида, Афғонистон бош вазири ўринбосари Мавлавий Абдул Кабир Афғонистон барқарорлиги ва ривожланиши учун муҳим бўлган ТАПИ (Туркманистондан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга қурилаётган 1735 км магистраль газ қувури) ва CASA-1000 каби минтақавий лойиҳаларда Ўзбекистон иштирокининг муҳимлигини таъкидлади.

Кабир шунингдек, Афғонистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш имкониятини кўриб чиқаётгани ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солаётганини тилга олди.

Мавзуга алоқадор