Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Олжас Абаевич Бектеновни (1980 й. т.) республика бош вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда 6 февраль, сешанба куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ Акорда матбуот хизмати Токаев парламент раиси, «Amanat» партияси раиси Эрлан Кошановни қабул қилгани, у партия номидан бош вазир лавозимига Олжас Бектенов номзодини таклиф этгани ҳақида хабар берган эди.

Олжас Бектенов 2023 йил апрель ойидан буён Қозоғистон президенти Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди. Унгача Коррупцияга қарши курашиш агентлигини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Қозоғистон президенти ҳукумат истеъфосини қабул қилгани хабар қилинганди. Токаев, шунингдек, Қозоғистон бош вазири вазифасини вақтинча Роман Василевич Склярга юклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қозоғистон ҳукумати аъзоларига ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этишлари буюрилди.

Мавзуга алоқадор