Anorbank ҳамда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 27-30 апрель кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёти банкининг йиллик анжуман йиғилиши доирасида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра банк ва ХСРИК инвестиция имкониятлари, молиялаштиришни ўрганиш ва аниқлашда яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Хусусан, Anorbank ва ХСРИК Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

ХСРИК, Anorbank ва бошқа хорижий компаниялар инвестиция киритиши кутилаётган янги банк Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади”, - дейилади хабарда.

Маълумот учун: Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) кўп томонлама ривожланиш молия институти бўлиб, у ўзига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Жидда шаҳрида жойлашган ушбу корпорация Ислом тараққиёти банки (ИДБ) гуруҳининг бир қисми саналади.

Anorbank эса Ўзбекистондаги биринчи маҳаллий рақамли тижорат банки ҳисобланади.

 

 

 

Мавзуга алоқадор