Ўзбекистон ва АҚШ фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим фойдали қазилмалар бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат 16 сентябрь куни Тошкентда тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz вазирлик ахборот хизматига таяниб.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари президентлари фойдали қазилмалар бўйича мулоқот бошлаш ниятида эканликларини маълум қилишган. Ушбу меморандум АҚШ ва Ўзбекистон томонидан мазкур саъй-ҳаракатларни илгари суриш ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган илк қадамлардан бири ҳисобланади.

«Мазкур ҳужжат геология-қидирув, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва юқори қийматли маҳсулотлар занжирини яратиш йўлида АҚШ — Ўзбекистон мулоқотини давом эттиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади», — дейилади вазирлик ахборотида.

«Минераллар ва нодир ер элементлари тоза энергия ҳамда бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, бизнинг иқтисодиётимизда тобора муҳим рол ўйнамоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ўзаро англашув меморандуми, шунингдек, глобал тоғ-кон саноати соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадимизни ўзида акс эттиради», — дейилади АҚШ элчихонаси ахборотида.

«Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон келажакнинг энергетика ландшафтини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун биргаликда ишлаши керак. Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади», — деди элчи Жонатан Ҳеник.

Таъкидланишича, ҳужжат Ўзбекистон делегациясининг 24−26 сентябрь кунлари Лас-Вегас шаҳрида (АҚШ, Невада штати) бўлиб ўтадиган MINExpo INTERNATIONAL — тоғ-кон саноатидаги энг йирик тадбирида иштирок этиши арафасида имзоланди.

Мавзуга алоқадор