Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорийнинг «Биррул волидайн» (Ота-онага яхшилик қилиш) асари илк бор араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинди, дея хабар берди ЎзА.

“Марказимиз томонидан муҳаддислар султони – Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган «Биррул волидайн» (Ота-онага яхшилик қилиш) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан Бухоро вилоятига қилинган ташриф давомида буюк аждодимиз Имом Бухорий асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси асносида амалга оширилиб, китоб таржимаси асосида халқчил рисола тайёрланди”, - дея маълум қилди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот котиби Шерзод Маматов.

Китобда фарзанд тарбияси, амалларнинг афзали – ота-онага яхшилик қилиб, ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуоларини олиш, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажоб бўлиши ва силаи раҳм фазилати, қариндошларга яхшилик қилиш каби мавзулардаги 76 та ҳадис жамланган. 

Қайд этилишича, ҳадисларнинг халқчил ва тушунарли бўлиши учун изоҳ ва шарҳлар ёзилган. Асарни шарҳлашда 50 дан ортиқ ишончли тарихий манбадан фойдаланилган.  

“Таржимада ушбу асарни ўзида асраб, шогирдларига ўқитган кейинги уламолардан бири имом, ҳофиз Муҳаммад Абдулҳай Каттоний томонидан сақланган нусха асос қилиб олинди. Матн бошқа нусхалар билан биргаликда қиёсий ўрганилди. Зарур ўринларда тузатишлар киритилиб, маҳаллий ва хорижий исломшунос олимлар, атоқли уламолар билан илмий мулоқотлар олиб борилди”, - дейилади хабарда.

Китоб ва халқчил рисола Дин ишлари қўмитасида белгиланган тартибда давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилган.  

Мазкур янги китобни БАА , Туркия, Миср, Россия, Британия, Франция каби мамлакатлардаги нуфузли кутубхона ва фондларига тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон ва хорижнинг илмий-диний жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш режалаштирилган.  

“Ушбу китоб ва халқчил рисола муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга хизмат қилади”, - дея таъкидлади Шерзод Маматов.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «Йўл харитаси» ижроси юзасидан ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, халқимизга етказиш ва халқаро илмий доираларда кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар тизимли тарзда давом эттирилиши қайд этилди. 

 

Мавзуга алоқадор