2016 йил Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида айбланиб келинаётган, террор ташкилоти деб эълон қилинган – FETO етакчиси, воиз Фатҳуллоҳ Гулен вафот этди. 83 ёшли Гулен 1999 йилдан буён АҚШда яшаб келаётган эди. Унинг ўлими ҳақидаги маълумотни жияни Абу Салама Гулен ҳам тасдиқлаган. Маълум қилинишича, Фатҳуллоҳ Гулен 20 октябрь куни Пенсильвания штатидаги клиникалардан бирида жон берган.


Хўш, 250 дан ортиқ одамнинг ҳалок бўлиши, 2,2 минг кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган тўнтаришнинг асосий айбдори деб айтилаётган минглаб кишиларни ортидан эргаштира олган Фатҳуллоҳ Гулен ким эди? Гулен асос солган йирик ташкилот ва унинг Ўзбекистонгача етиб келган ғоялари ҳақида нималар маълум? Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз.


Туғилиш ва “илоҳий миссия”


Ажабланарлиси, Фатҳуллоҳ Гуленнинг таваллуд санасида ҳам бироз чалкашликлар мавжуд. Расмий маълумотларга кўра, Гулен 1941 йил 27 апрель куни  Туркиянинг Эрзурум вилояти Ҳасанқалъа тумани Коручук қишлоғида туғилган. Унинг отаси Рамиз бей масжид имоми эди.


Интернетдаги саҳифасида эса Гулен 1938 йил 10 ноябрь – Мустафо Камол Отатурк ўлган куни туғилганини қайд этади. У мазкур чалкашликни изоҳлаб: "Туғилганимдан сўнг, отам мени рўйхатдан ўтказиш учун Ҳасанқалъага борган, бироқ масъул ходим Фатҳуллоҳ исмини ёзишдан бош тортгани учун бу жараён кечикиб кетади", дейди.


Унга кўра, 1942 йилда Гуленнинг отаси у ва 2,5 йилдан кейин дунёга келган ўғлини таниш-билишлари орқали рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлади. Бироқ гувоҳномада у ва укасининг маълумотларини ёзишда хатога йўл қўйилади. Оқибатда Гуленнинг туғилган йили расмий ҳужжатда 1942 йил экани кўрсатилади.


Туғилиш можароси шу билан тугамайди. 1959 йилда Эдирна муфтийлигига интилган Гулен ёши ўн еттидалиги ва ҳарбий хизматни ўтамагани учун рад этилади. Давлат хизматчиси бўлиш учун судга мурожаат қилган бўлажак воиз ниҳоят туғилган санасини 1941 йилга ўзгартиради. Муфтий бўла олмаган Гулен "Уч Шерефели" жомеъ масжидига имом этиб тайинланади. 


У ўз ҳаётига оид “Кичик дунём” асарида дунёга келишини Мустафо Камол Отатуркнинг вафот этган куни билан боғлайди. У туғилганидан илоҳий топшириқ берилган – “танланган одам” қиёфасини яратиш учун ёшлигидан исломий тарбия олганини, шахсиятининг ривожланишига Усмонли цивилизацияси таъсир қилганини қўшимча қилади.


Жумладан, унинг 12 ёшидаёқ Қуръонни ёдлаганини ўқиш мумкин. Гулен илк тажрибасини Эрзурумнинг турли қишлоқларида нутқ сўзлашдан бошлаган. 1955 йил Рамазон ойида бўлажак воиз минбардаги биринчи нутқини ирод қилади.


Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўз ҳаётига оид “Кичик дунём” китоби унинг ўз олдига қўйган вазифасини батафсил ўрганиш учун муҳим. Асарда унинг ёшлигидан то FETO ташкилотининг пойдевори қўйилишигача бўлган даври ёритилган. Ўзини илоҳий вазифани бажарувчи – “Имом”, “Ҳожиафанди” сифатида тасвирлашга уринган Гулен асарда ота-онаси томонидан аждодлари саййидлар (тахминан пайғамбар авлодлари)дан эканлигини аниқ айтмаса-да, шунга ишора қилади.


Шубҳаларга тўла ҳаёт


Гуленнинг ўша даврдаги фаолияти ҳам эътиборли; у ўз асарида Эдирнада прокурор ва судьялар, жумладан, вилоят хавфсизлик хизмати раҳбари билан яқин алоқада бўлганини ёзади. 20 ёшида унинг бундай натижага эришиши ғайриоддий туюлса-да, Гулен аслида бундан олдинроқ хавфсизлик ходимлари билан ошно тутинган. Жумладан, 17 ёшида Эрзурумдан Эдирнага йўл олган Гулен, ўз таъбирича, “отасининг яқин дўсти”, Эрзурум вилояти депутати Мустафо Зерен билан бир муддат Анқарада қолади. Мустафо Зерен унинг Диёнат ишлари бошқармаси имтиҳонларига кириши учун ёрдам беради. Бундан ташқари, Зерен “дўстининг ўғли”га ҳали Анқарани тарк этмасиданоқ ушбу имтиҳон натижалари ҳақида хабар берган. Гулен асарида 18 ёшидаёқ Эдирнадаги хавфсизлик ходимлари, судьялар ва прокурорлар билан таниш бўлганини тан олган.


Эътиборлиси, унга армияда ҳам радио оператори сифатида разведка миссиясини бажариш топширилади. Бу билан у армия ичидаги барча суҳбатларни тинглаш имкониятига эга бўлади. Гуленнинг ҳарбий хизматни ўташ давомида олган кўникмалари кейинчалик террор ташкилотини тузишда яхшигина ёрдам беради.


Жамоат тузиш сари илк қадам


Армиядан кейин Эрзурумга, у ердан Эдирнага қайтган Гулен ваъзлари билан машҳур бўлади. Гулен "Дор-ул-Ҳадис" масжидида фахрий имом сифатида хизмат қилаётганида илк бор талабаларга дарс беради. Бир мунча вақт ўтгач, унинг фаолиятида исёнкорлик аломатлари топилиб, унинг ваъз қилишига тақиқ қўйилади. Ўша пайтдаги Эдирна вилояти губернатори Гуленни ноқонуний ҳаракатларда айблаган эди. Шунга қарамай, Гулен айтганидек, уни “қандайдир қўл” барча можаролардан сув юқтирмай олиб чиқиб кетади.


Эдирнадан Киркларели шаҳрига қочган Гулер бу сафар маҳаллий масжидларда ваъз ўқишни бошлайди. Худди шу даврда Гулен Саид Нурсийнинг издошлари – "Нурчилар" билан яқинлашади.


1963-1966 йилларда Гулен Эдирна ва Киркларели масжидларида ўқиган маърузалари орқали аҳолининг консерватив қисми орасида кўзга кўриниб, ҳурматли шахсга айланади. Лекин Гулен "Нурчилар" билан қанчалик ош-қатиқ бўлмасин, айнан ушбу фирқа таълимотини эмас, балки ўзининг ўзгартирилган ғояларини ёйишга ҳаракат қилади. Вақт ўтиши билан Гуленнинг бу қарори “Нур жамоати” билан муносабатлари совушига сабаб бўлади.


Машҳурлик ва FETO’нинг биринчи уйи


1966 йилнинг март ойида Гулен ўзи истамаган ҳолда Измирдаги Кестане Пазари масжиди воизи этиб тайинланган. Кейинчалик, у ҳаётидаги муҳим воқеа бўлган FETO террор ташкилотининг пойдеворини ҳам айнан шу шаҳарда қўйди.


У Измирнинг марказий воизи этиб тайинлангач, ҳар жума куни масжидда нутқ сўзлай бошлади. Дам олиш кунларида Айдин, Одемиш, Тире, Салиҳли, Денизли ва Испарта каби яқинроқдаги шаҳар ва туманларда жамоавий суҳбатлар ўтказди.


Измирда имомлик қилган даврида Гулен ўта ғарбона ҳаёт кечирувчи одамлар билан ҳам борди-келдини йўлга қўйди. Айтиш мумкинки, у бу ердаги фаолияти унинг турли сегментларга йўл топа олиш қобилиятини юзага чиқарди. Шу туфайли ҳам Гулен тез орада машҳурликка эришди.


Аввалига узоқ жойларга маъруза ўқиш учун жамоат транспортида борган Гулен, қисқа вақт ичида, атрофига мухлисларини йиғишга муваффақ бўлгач, тўртта машинадан иборат карвон билан дастурларини давом эттирди.


Гулен турли жойлардан ер сотиб олиш, бино қуриш учун пул йиғиш орқали узоққа бора олмаслигини тушуниб етади. Шундан сўнг, у янги стратегия ишлаб чиқди: ташкилотининг тез ўсишига имкон берадиган “Ҳиммат” тузилмасини яратди.


Гулен “одамларни бир жойга йиғиб, ўзаро рағбатлантириш орқали кўпроқ пул йиғса бўлади”, деган қарорга келди. “Имом”нинг бу таклифи ёрдамчилари томонидан сўзсиз қабул қилинди ва биринчи хайрия йиғилиши ўтказилди.


“Ҳақиқат” жамғармаси асосчиси Ўмер Ўнгут Гуленнинг маблағ йиғиш усуллари ва у асос солган тузилмани қуйидагича таърифлайди:


“Бир томондан ифторлик қиламиз, деб ўлжа йиғишяпти. Бир томондан ғоздек халқнинг патини юлишяпти. Бошқа томондан, улар ўзбошимчалик билан пулни исроф қилишади. Бу ҳам ҳаром, у ҳам ҳаром; Улардан қайси бири Исломга тўғри келади? Сиз одамларни кечки овқатга таклиф қиласиз, келганлардан ёки вексель сотиб олганлардан пул йиғасиз. Ахир, сиз дин пешвосисиз, лекин Худодан қўрқмайсиз. Халқдан ҳам уялмайсиз!”


Шу зайл ташкилотининг биринчи уйи 1968 йилда муфтий Аҳмад Каракуллукчунинг таклифи билан Измирда очилади.


Фатҳуллоҳ Гуленнинг Туркия бошқарувигача чўзилган “узун қўли”


Орада Гулен янги “Фатҳуллоҳчилар” жамоасини ташкил этади. Унинг кассеталарга ёзилган нутқлари кўплаб шаҳарларда тарқатилади. Шундай қилиб, бир томондан тарафдорларини кўпайтириш, иккинчи томондан ташкилот учун янги даромад манбасини топиш имкони пайдо бўлади. Бу усул баъзи доираларда норозилик уйғотган бўлса-да, Камол Эримез, Нуриддин Верен, Мустафо Бирлик, Илҳан Ишбилен, Саҳит Тузжу, Бекир Акгин, Мустафо Асутай сингари таниқли шахслар ушбу жамоага қўшилишига хизмат қилади.


Шубҳасиз, Гулен энг кўп эътибор берган марказ “Зиё уйлари/Işık evleri” эди. Уйлар ташкилотга ёш билимдонларни жалб қилишда беқиёс ҳисса қўшган. Воизнинг таъбирича, “бу уйлар “Олтин авлод” етиштириладиган жойларга айланади”.


Кўп ўтмай ташкилот кучайиб, Гулен тимсоли бўлган “Фатҳуллоҳчилик” тушунчаси биринчи ўринга чиқади. Шу тариқа Измир-Маниса-Баликесир минтақасида самарали тузилмани шакллантира бошлаган Гулен маҳаллий савдогарлар ва бизнес эгалари орқали молиявий таъминотини йўлга қўяди. Унга моддий ёрдам кўрсатганлар орасида ҳатто сиёсий партияларнинг аъзоларини ҳам кўриш мумкин эди. Измир шаҳри 1972 йилга келиб Гулен қураётган ташкилотнинг марказига айланади ва “Акязили фонди” тузилади. Жамғарма орқали ташкилот университет талабаларини “Зиё уйлари”га жалб қилишга ҳаракат қилади. Қисқа вақт ичида фонд ўқувчи ва талабалар тез-тез келиб турадиган, шу билан бирга стипендия оладиган марказга айлантирилади.


Турли хайр-эҳсонлар туфайли фонд ва ташкилот ривожлана бошлайди. Айни пайтда уларнинг асосий даромад манбалари тадбиркорларнинг ёрдами ва фондга туҳфа этилган қурбонлик ҳайвонларининг териси ҳисобланган. Бу даврда “Акязили фонди” қошида ўқув курслари очилади. Қисқа вақт ичида бу курслар Туркиянинг бошқа ҳудудларида ҳам фаоллашади. “Яхши иш” ҳомийлигида уйларга қобилиятли ва билимдон мактаб ўқувчилари жалб қилинади. Шу тарзда, танлаб олинган ёшлар кейинчалик ташкилот мақсадларига хизмат қиладиган “олтин авлод”га айлантирилади.


1972 йилдан бошлаб талабалар ва ўқувчилар учун “мослашув лагерлари” ҳам ташкил этилган. Шундан сўнг, Гулен ўз ташкилоти орқали яратиши мумкин бўлган янги ижтимоий тузумни тасаввур қила бошлайди. Ушбу режанинг амалга оширилиши бевосита ўзига содиқ авлодни яратиш билан боғлиқ эди.


1980-1990 йиллар оралиғида Туркияда 20-30 га яқин “Гулен мактаблари” очилган бўлса, 2000 йилларнинг бошларида уларнинг сони мингга етади.


“Фатҳуллоҳчилик” ғояларига содиқ талабалар кейинчалик жамоа режасига мувофиқ ҳукумат тузилмаларига кириши мақсад қилинган. Гулен ва дўстлари томонидан тузилган режанинг бу қисми муваффақиятли амалга ошди.


FETO учун қўлланиладиган “параллель давлат” атамаси унинг кўламини тасаввур қилишга ёрдам беради: Гуленнинг издошларини ҳамма жойда кўриш мумкин эди: давлат ташкилотларида, вазирликларда, армияда, полиция ва хавфсизлик хизматида, ОАВда, университетлар ва таълим муассасаларида, банкларда, катта-ю кичик корхоналарда, спорт ва санъатда. Уларнинг қўли жуда узун эди. Фатҳуллоҳ Гулен 1960-йилларда асос солган ҳаракат 2000-йилларга келиб қўлида миллиардлаб доллар айланадиган гуруҳга айланди. Гуруҳнинг ўз мактаблари, университетлари, касалхоналари, корхоналари ва банки бор эди.


Гулен масонлик қасамёдини қабул қилганми?


Фатҳуллоҳ Гуленнинг масонлар билан алоқаси 1969 йилдан бошланган. Масонлик қасамёди ва буюк хизматлари учун мукофоти бу дўстликни янада мустаҳкамлаган. 1972-1976 йиллар оралиғида Фатҳуллоҳ Гуленга Илҳом Маденўғли, Орхан Демириз, Онник Каракаш ва Ҳусейин Явуз каби масонликни қабул қилган амалдорлардан таклифномалар жўнатилади.


2015 йилда Yeni Shafak нашри Фатҳуллоҳ Гуленнинг “параллель тузилма” билан боғлиқ илгари номаълум бўлган алоқаларини очиб берган ҳужжатларни чоп этди. 1974 йил 21 апрелдаги “котиб Орхан Демириз” томонидан имзоланган таклифномада:


“Азиз биродар, Фатҳуллоҳ Гулен. 1974 йил 10 май, жума куни соат 19:00 да оға-иниларча меҳр ва эҳтиром билан бўладиган йиғилишимизга ташриф буюришингизни сўрайман”, деб ёзилган.


Бундан ташқари, 1969 йил 17 июлдаги ҳужжатда Фатҳуллоҳ Гуленнинг масонлар ложаси томонидан “Буюк хизматлари учун” медали билан тақдирлангани аён бўлади. Ҳужжатнинг юқори қисмида “Search Muh: Lo:” ибораси мавжуд ва “116” рақами қайд этилган.


Ўзбекистондан қувилган “Турк лицейлари”


1989 йилда Совет Иттифоқи парчалана бошлайди ва шу тариқа икки қутбли дунё тартиби вайрон бўлгач, Осиёда сиёсий бўшлиқ ҳукм суради. Айниқса, мустақил туркий давлатлар вужудга келганидан кейин янги тартиб вужудга келди. Айнан ўша пайтда Гулен хорижда ҳам янги иш бошлашга буйруқ беради. Олдин Германия ва Голландияда фаолият юрита бошлаган ташкилот аъзолари, асосий ташқи стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга қарор қилади. 1989 йилда гуленчилар янги ғоя асосида Осиёга “ҳужум” бошладилар. Ўзбекистонликлар уларни “Нурчилар” номи билан танийди. 90-йилларнинг бошида Фатҳуллоҳ Гуленнинг “фатво”си билан гуленчилар юртимизда ҳам лицейлар очган эди.


“Турк лицейи” деб ном олган ўқув даргоҳларига мамлакатнинг барча ҳудудларидан салоҳиятли ва иқтидорли талабалар танлаб олинган. Бу даргоҳларда инглиз тилини ўргатувчи муаллимлар, аслида АҚШнинг махсус хизматларининг ходимлари АҚШ фуқаролари бўлган. Турк разведкасининг собиқ ҳодими Осман Нури Гюндеш ўзининг чиқишларидан бирида, 90-йилларда “Нурчилар” ҳаракатининг асосий идораси АҚШнинг Пенсильвания штатида жойлашганини айтиб ўтган.


Маълумотларга кўра, дунёнинг 160дан ортиқ давлатларидаги 2000дан ортиқ таълим масканларида фаолият кўрсатаётган уч мингдан ортиқ ўқитувчиларига 400 дан 1400 долларгача ойлик берилган. Хорижий давлатларда таълим масканларининг очилишига жами 1 миллиард 205 миллион АҚШ доллари сарфланган. Уларнинг мақсадини ўз вақтида аниқлаган ҳукумат 2000-йилларда бундай лицейлар фаолиятига чек қўяди. Шу тариқа Ўзбекистон гуленчиларнинг ўқув муассасаларини ёпган дунёдаги илк давлат бўлди.


Бундан ташқари, Туркияга ўқишга юборилган ўзбекистонлик талабалар ҳам чақириб олинади.


Гуленнинг Америкага қочиши


1999 йил 21 апрелда Жевдет Сарал ва Усмон Акнинг “Фатҳуллоҳ Гулен ва Нур ҳаракати” номли ҳисоботи ортидан Гулен ва у асос солган тузилмага қарши биринчи жиноий иш очилади. Аввалроқ соғлиғи ёмонлашгани сабаб даволанмоқчи эканини айтиб, АҚШга кетган Гулен шу кўйи ортига қайтмайди. Кейинчалик Гулен ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Булент Эжевит унга АҚШга боришни маслаҳат берганини очиқлади.


АҚШга кўчиб ўтгач ҳам Гулен нутқларини давом эттирди. Бу чиқишлари ўзининг веб-сайтида нашр этила бошланди. Шу билан бирга, у 1999 ва 2008 йиллар мобайнида АҚШда яшашига рухсат олиши учун узоқ курашди. Гуленнинг турли хил виза аризалари рад этилганидан сўнг, у ниҳоят 2006 йил ноябрь ойида “I-140” номи билан танилган доимий иш визасига мурожаат қилди.


Ушбу визани олиш учун талабгор “жуда кучли қобилият” эгаси бўлиши керак. Шу боис, виза сўровини қўллаб-қувватлаш учун у судга 30 га яқин маълумотнома юборади.


2008 йил 4 июндаги петицияга назар ташлайдиган бўлсак, унга тавсиянома берган таниқли шахслар орасида нафақат Марказий разведка бошқармаси ходимлари, балки америкалик олимлар ва насронийликнинг таниқли ҳимоячилари ҳам бор эди.


Ушбу исмлар орасида аввалроқ Марказий разведка бошқармаси директори лавозимида ишлаган ва кейинчалик нафақага чиққан Жорж Фидес ҳам бор эди. Рўйхатда яна бир АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими, Анқарадаги собиқ элчи Мортон Абрамович ва АҚШ Миллий разведка кенгаши аъзоси сифатида юқори лавозимга кўтарилган Грэм Фюллерни кўришимиз мумкин. Улар ўз мактубларида ушбу муассасадаги мактабларнинг ютуқлари ва Фатҳуллоҳнинг динлараро мулоқотдаги фаолиятини юқори баҳолашган.


Гулен 2008 йил 16 июлда Миллий хавфсизлик департаменти билан курашда ғалаба қозониб, АҚШда яшаш ҳуқуқини берувчи Green Card’ни қўлга киритди. Бунга эса АҚШнинг муҳим агентликларида хизмат қилган Фюллер ва Абрамовичнинг ҳиссаси беқиёс бўлди.


Фатҳуллоҳ Гулен АҚШга кўчиб ўтишига қарамай, 2016 йилнинг 15 июлига қадар FETO’нинг Туркиядаги мавқеи кучлилигича қолди. Гулен умрининг охиригача Пенсильвания штатида яшади. Давлат тўнтаришига уринишдан кейин Гуленнинг кўпгина издошлари ҳам АҚШдан қўним топди. Масалан, собиқ футболчи ва депутат Ҳоқон Шукур ҳам Америкага жойлашиб, океан ортида ўз бизнесини йўлга қўйди.


Давлатни эгаллашга муваффақиятсиз уриниш


2016 йил 15 июль туни турклар учун энг узун ва энг қора тун бўлди. Мамлакатдаги барча давлат бошқарув органларига, ҳуқуқ-тартибот ва куч ишлатар тизимларига сизиб кирган FETO аъзолари, айниқса, қуролли кучлар ичидаги гумашталари халқ сайлаган қонуний ҳукуматни ағдариш ва ташқи ғаразли кучлар қўллови остида ҳокимиятни қўлга киритишни истарди. Уларнинг бу режаси амалга ошмади ва исён 22 соат ичида бартараф этилди.


Хўш, 15 июлдаги давлат тўнтаришига уриниш қандай бошланди? Ўша қоронғу кечада нима бўлганди?


2016 йил 15 июль куни кечга бориб, ғайритабиий фаоллик бошланди.


Соат 21:30 да Бош штаб қароргоҳидан ўқ овозлари эшитилди. F-16 қирувчи самолётлари Анқара осмонида пастлаб уча бошлади. Бўлаётган воқеа на ҳарбий машғулот, на ташқи душманга қарши ҳаракатга ўхшарди. Мамлакатни ғараз кучлардан ҳимоя қилиши керак бўлган армия ичига сизган “Фатҳуллоҳчи”лар ўз халқига қарши расман уруш очганди. Орадан кўп ўтмай, Бош штаб бошлиғи ва ҳарбий кучлар қўмондонлари гаровга олинди.


Нафақат Анқарада, балки Истанбулда ҳам хоинлар саҳнага чиқди. Босфор ва Фотиҳ, Султон Меҳмет кўприклари ўтиш учун ёпилди. FETO аъзолари ишга киришганди. Биринчи портлаш овози соат 23:20 да, Анқаранинг Гўлбоши туманидан эшитилди. Исёнчилар ўзларига қарши туриши мумкин бўлган полицияга ҳужум қилганди.


Орадан бироз вақт ўтиб, 16 июлнинг дастлабки соатларида улар яна бир муҳим объектни нишонга олишди. Ҳарбий вертолёт Миллий разведка агентлигини ўққа тутди.


Айни пайтда, бир гуруҳ форма кийган исёнчилар Туркия телерарадио компанияси (TRT) коридорларида эди. Улар ходимларни гаровга олдилар ва муассасага олиб кирувчи барча йўлларни ёпдилар.


Бу вақтда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон оиласи билан Мармасирда эди ва ўша ердан туриб, соат 00:24 да жонли эфирга уланди. Миллионлаб одамларнинг диққати унга қаратилган эди.


"Мен халқимизни шаҳарларимиз майдонларига чақираман. Мен уларни аэропортларга чақираман, одамлар аэропортларда, майдонларда тўплансин. Ўша исёнчи гуруҳлар ўзларининг танклари ва артиллериялари билан келишса, одамлар у ерда нима қилишни ўзлари яхши билишади", деди президент, жонли эфирдаги нутқида.


Шу орада бутун мамлакатдаги масжидлар минораларидан салавот янгради. Бемаҳалда янграган бу овоз фақулодда бир ҳодиса бўлганининг белгиси эди.


Бу нутқ  ва янграётган салавот саслари давлат тўнтаришига уриниш динамикасини ўзгартириб юборди. Халқ кўчаларга, майдонларга отилди. Одамлар ҳеч ҳам қўрқмай, ҳайқирганча такбир айтиб, исёнчиларга қарши турди, уларни тўхтатиш учун танкларнинг тагига ётди. Гуленчилар эса тинч аҳолини, қуролсиз халқни ўққа тута бошлади. Шундай қилиб, майдонларни тўлдирган халқнинг хоинларга қарши кураши бошланди. Шу орада бит кекса отахоннинг қўлтиқтаёқ билан шошганча қонли ҳужум бўлаётган мақдонга кетаётганини кўриб, “қаерга кетяпсиз отахон?” деб сўраганларга “жаннатга болам, жаннатга, шаҳидликкка йўлланма келиб қолди!” дея жадал йўлида давом этгани кўпчиликнинг ёдида қолди.


Бу кураш эрталабгача давом этди. Давлат тўнтаришига уринишда қуролли кучлар сафига сизиб кирган 8000 феточи (улар орасида генераллардан тортиб оддий аскаргача бўлган), 37 та верталёт, 35 та самолёт, 246 зирхли техника, 4000 дан ошиқ енгил қуроллар билан қатнашди.


Тўнтариш ташаббусининг барбод бўлишида халқнинг қатъияти катта роль ўйнади. Қўзғолон бостирилди, аммо қурбонлар бор эди. Муваффақиятсизликка учраган бу уриниш учун Гулен ва унинг “Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти” (туркчада FETÖ – Fethullahçı Terör Örgütü) айбдор деб топилди. Давлат тўнтаришига уринишдан кейин зудлик билан давлат органларини “феточилар”дан тозалаш операцияси бошлаб юборилди. FETO’га алоқадорлиги аниқланган минглаб ходимлар ишдан ҳайдалди.  


Айтиш жоизки, турк ҳукумати йиллар давомида АҚШдан Гуленнинг Туркияга топширилишини сўраб келди, бироқ Вашингтон бу борада ҳеч қандай аниқ чора кўрмади. 


Хулоса ўрнида


Дунё тарихига назар ташлар эканмиз, Совуқ урушдан кейин АҚШни ҳар жиҳатдан қўлга олган яҳудий лоббиси янада кучайди. Улар Ислом ва мусулмонларни мавжуд глобал тизим учун катта таҳдид санай бошлади. Жумладан, қулатилган Усмонийлар халифалиги маркази ҳисобланмиш Туркияда ҳам динни чеклаш ва мусулмонларнинг уйғониб қолишига йўл қўймаслик учун турли ҳийла ва бузғунчиликлар содир этилди.  


Бундан ташқари, Исломга қарши уруш “терроризмга қарши уруш” номи билан НАТО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг асосий стратегияси сифатида белгиланди.


Шу билан бирга, глобал тизим Исломни “жаҳолатпарастлик” номи билан энг катта таҳдид деб эълон қилди. Бу орқали мусулмонлар жамиятининг мавжудият сабаби бўлган, тарих яратишига имкон берувчи исломий идентификациясини бостириш, руҳий илдизларини қуритишга ҳаракат қилинди. Ҳақиқий Исломга муқобил тарзда этник идентификацияларни кучайтириш, мусулмонлар орасига низо уруғини сочиш, уларнинг юртини уруш ўчоғига айлантириш орқали бу ердаги табиий бойликларни талаш ва эгалик қилиш ҳолатлари ҳозиргача давом этмоқда.


Худди шундай АҚШнинг Исломни протестантлаштириш лойиҳаси сифатида нафақат Туркия, балки халқаро миқёсда ҳам фаолият юритган FETO террор ташкилотини кўришимиз мумкин. Бундай йўллар орқали Ислом душманлари глобал тизимга тескари келмайдиган, реал ҳаётдан узоқлаштирилган, индивидуал эътиқод даражасигача тушириладиган, қаршилик кўрсатиш имкониятларидан маҳрум қилинган, “Маърифий Ислом” деб номланган “чучмал” Исломни бутун мусулмон оламига тарқатишга уринди. Ваҳоланки, Ислом бир бутундир, унинг маърифийси, жоҳилиятчиси, сиёсийси ва бошқаси бўлмайди. Ислом мусулмоннинг бутун умрини, борлиғини, дунёси ва охиратини қамраб олган, яхлит ва бўлинмас диндир.


Ислом диёрларини бошқариш, ҳатто қўшни мусулмонлар қатлиом қилинганда ҳам миқ этмайдиган, аксинча душманига биродарларини қирғин қилишда ёрдамлашадиган ҳукуматлар ва халқларни яратиш ушбу маккор лойиҳа натижаларидан биридир.

Мавзуга алоқадор