Россия Афғонистонда иш ўринлари яратиш ва мамлакатни ривожлантириш лойиҳаларига сармоя киритиш ниятида. Бу ҳақда Афғонистондаги Россия бизнес маркази раҳбари Рустам Хабибуллин РИА Новости агентлигига маълум қилди.

Марказ раҳбарининг айтишича, Россия сармоялари Афғонистонга кира бошлади.

“Россия инвесторларини заводлар, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги, жумладан, Қўштепа каналининг қурилиши катта қизиқиш уйғотмоқда. Қатор корхоналаримиз канал ёнидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ер участкаларини узоқ муддатга ижарага беришни йўлга қўймоқда”, — деди у.

Шунингдек, Россия Афғонистонга ҳам фаол равишда инсонпарварлик ёрдами етказиб бермоқда, хусусан, ўтган йили мамлакат аҳолисига 250 минг қутидан ортиқ дори-дармон тарқатилган.

"Аммо биз иш ўринларини ривожлантириш ва россиялик инвесторларни афғон лойиҳаларига жалб этишни мақсад қилганмиз", - деди Россия бизнес маркази раҳбари.

Эксперт Россия ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси бўйича ҳам бир қатор рақамларни келтирди. Унга кўра, 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 170 миллион долларни ташкил этган бўлса, бир йилдан сўнг бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ошди. 

“Афғонистонга Россия маҳсулотлари жуда керак, чунки улар сифатли, арзон ва узоқ логистика талаб қилмайди. Мамлакат чет эл маҳсулотларига муҳтож, чунки ишлаб чиқарувчилар аҳолини тўлиқ таъминлай олмайди. Олдинги ҳукумат ўз ишлаб чиқаришимизни йўлга қўйишимизга имкон бермаган Ғарб ва АҚШ йўналишига эътибор қаратди. Янги ҳукумат келиши билан заводлар, фабрикалар, озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари фаол қурилмоқда. Илгари кийим-кечак маҳсулотларини қўшнилардан харид қилинган бўлса, эндиликда мамлакатда ишлаб чиқарилиб, қўшни давлатлар – Покистон, Эрон, Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда. Цемент заводлари фаол қурилмоқда, уларнинг бир қисми экспортга, қолган қисми эса ички бозорга чиқарилади”, - деди Хабибуллин.

Мавзуга алоқадор