8 февраль куни Покистон қонун чиқарувчи органи – Миллий Ассамблея ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар чоғида мамлакат бўйлаб 51 та террор ҳужуми уюштирилди. Бу ҳақда Anadolu Покистон армияси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, сайлов куни мамлакат бўйлаб уюштирилган 51 террор ҳужумида 10 нафар хавфсизлик ходими ва 2 нафар тинч фуқародан иборат жами 12 кишининг ҳаётдан кўз юмди, 39 нафар хавфсизлик ходими яраланди. Ҳужумларнинг аксарияти Ҳайбар Пахтунхва ва Балужистон вилоятларида содир этилган.

Тўқнашувларда 5 террорчининг зарарсиз ҳолга келтирилгани билдирилган баёнотда кўплаб эҳтимолий таҳдидлар бартараф этилганига урғу берилди.

Шунингдек, тахминан 6 мингта “нозик овоз бериш пунктида сайлов хавфсизлигини таъминлаш учун 137 минг аскар ва ҳарбийлаштирилган бўлинма, 7 800 тезкор жавоб кучлари ажратилгани қайд этилди.

Покистонда 5 йил давомида қонун чиқарувчи орган вазифасини бажарадиган Покистон Миллий Ассамблеяси ва вилоят мажлислари сайлови учун маҳаллий вақт билан соат 08:00 да бошланган овоз бериш жараёни 17:00 да якунланди.

Мавзуга алоқадор