Фото: ҲАМАС расмий вакили Усама Ҳамдан

ҲАМАС расмий вакили Усама Ҳамдан пайшанба куни Фаластин гуруҳи мослашувчанлик кўрсатганига қарамай, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда ҳеч қандай илгарилаш йўқлигини маълум қилди, дея хабар бермоқда Yeni Safak.

Ҳамдан Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху икки томоннинг келишувга эришишига тўсиқлар яратаётгани ҳамда гаровга олинган исроилликларни озод қилишдан “манфаатдор эмаслигини” айтди. Ҳамдан Байрутдаги матбуот анжуманида "Ишғол ҳукумати қочишда давом этмоқда ва музокаралар ёпиқ доирага тушиб қолди", деди.

Аввалроқ Қатар пойтахти Дохада Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати делегациялари ўртасида асирларни алмашиш бўйича келишувга эришишга қаратилган музокаралари расман бошлангани, музокаралар тахминан икки ҳафта давом этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Бироқ Миср ва Қатарнинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган саъй-ҳаракатлари шу пайтгача ўт очишни тўхтатишга эриша олмади. ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳужумини тўхтатиш учун ҳар қандай сулҳни истаса-да, Исроил ҳарбий кампанияни тўхтатиш мажбуриятини рад этиб, гаровга олинганлар эвазига маҳбусларни озод қилиш бўйича келишувни афзал кўрмоқда.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги пайшанба куни эълон қилган баёнотда 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳарбий ҳужумида 33 037 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани, 75 668 нафари яралангани айтилади. 

Мавзуга алоқадор