Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 7 октябрдан бери Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги соғлиқни сақлаш муассасаларига 449 дан ортиқ ҳужум уюштирилганини тасдиқлаб, "ҳозирда тиббиёт ходимларининг ишлаши имконсиз" деди.

Якшанба куни ЖССТ ижроия қўмитаси томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги соғлиқни сақлаш ҳолати бўйича ташкил этилган махсус сессияда сўзга чиққан Тедрос можаролар Ғазо секторидаги саломатлик билан боғлиқ ҳолатга ҳалокатли даражада таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

“Ғазода 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани, улардан 7 минг нафари болалар, яна қанчаси уйлар вайроналари остида қолганини билмаймиз. 46 мингдан ортиқ яраланганлар бор”, — деди у.

“1,9 миллион одам - Ғазо секторининг деярли бутун аҳолиси кўчирилди ва қаердан топса, бошпана изламоқда. Ғазо секторида ҳеч ким хавфсиз эмас”, - дея қўшимча қилди у.

У соғлиқни сақлаш тизими ҳеч қачон нишон бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб, ҳар 700 кишига ўртача битта душ ва ҳар 150 кишига битта ҳожатхона борлигини, диарея ва сари касал каби эпидемик хасталикларнинг огоҳлантирувчи белгилари юзага келганини айтди.

Дастлабки 36 касалхонадан фақат 14 таси қисман ишламоқда, деди у.

"Борган сари кўпроқ одамлар кичикроқ ва торроқ ҳудудларга кўчиб ўтаётгани сабабли тўлиб-тошган, озиқ-овқат, сув, бошпана ва санитария етишмаслиги касаллик тарқалиши учун идеал шароитларни яратади", - деди у.

ЖССТ раҳбари БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Ғазодаги ўта муҳтожларга энг зарур ёрдам етказилишини таъминлаш учун доимий ва зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

“Сулҳ - ғазоликларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва яхшилашнинг ягона йўли. Мен Хавфсизлик Кенгаши ўтган жума куни бундай ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияни қабул қила олмаганидан чуқур афсусдаман", - деди у АҚШнинг сулҳ бўйича халқаро чақириқларни тўсиб қўйган ветосига ишора қилиб.

Мавзуга алоқадор