Эрон 2025 йилнинг мартигача 2 миллионга яқин ноқонуний муҳожирни мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштирмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, Эронда 5 миллионга яқин афғон бўлиб, уларнинг кўпчилиги ноқонуний муҳожирлар ҳисобланади.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор органлар билан мамлакатдаги ноқонуний миграция муаммосини ҳал қилиш чораларини кўришга ҳаракат қилмоқда.

“Жорий йил охиригача (Эрон тақвими бўйича 2025 йил марти) мамлакатдаги кўп сонли ноқонуний хорижий фуқароларни депортация қилишни режалаштирмоқдамиз”, деди ҳукумат вакили.

Эронга афғонистонлик қочқинлар оқими 1979 йилда Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб киргандан кейин бошланган ҳамда Америка ишғоли, фуқаролар урушлари ва беқарорлик туфайли қарийб 42 йил давом этган.

Президент Масуд Пезешкиан ўзининг сайлов кампанияси чоғида ноқонуний муҳожирлар гиёҳвандлик ва иш билан таъминлаш каби жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётгани ва улар билан боғлиқ муаммони ҳал этиш ниятида эканини билдирганди. Айни пайтда Эрон Афғонистон билан чегарасида 930 километр узунликдаги девор қуришни бошлаган. Ички ишлар вазири Искандар Мўминий ҳам 6 сентябрь куни ноқонуний муҳожирлар кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётгани ва тез орада депортация қилинишини айтди.

Ўз навбатида, “Толибон” Эрондан чиқариб юбориладиган афғон қочқинларини жойлаштириш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда қайтганларни иш билан таъминлаш, уй-жойи бўлмаганларга ер ажратиш, тадбиркорлик фаолияти учун шароит яратиш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Мавзуга алоқадор