11 июль куни Босния ва Герцоговина шарқидаги Сребреница шаҳрида босниялик мусулмонлар қатлиом қилинганига 29 йил тўлди.
Шундан буён Босния ва Герцеговина аҳолиси 1995 йил 11 июль куни Сребреница шаҳрида серб айирмачилари ва ҳарбийлари томонидан ўлдирилган 8 мингдан ортиқ мусулмонлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради.
Сребреница қатлиоми Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европадаги энг даҳшатли инсоний фалокат саналади.
Ҳар йили 11 июль куни геноцид қурбонларининг қолдиқлари шахсини аниқлаш жараёнидан сўнг Поточари шаҳридаги қабристонга дафн этилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил апрель ойида Сребреницани хавфсиз ҳудуд деб эълон қилганди.
Бироқ бу қирғинларнинг олдини олмади. Шаҳар 1995 йил 11 июлда Ратко Младич бошчилигидаги Босния серблари армияси томонидан босиб олинади. Младич кейинроқ Гаагадаги Халқаро трибунал томонидан геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Босниялик тинч аҳоли Голландия тинчликпарвар кучларидан БМТдан ҳимоя топишга ҳаракат қилишади, аммо голландлар уларни серблар қўлига топширади.
8000 дан ортиқ босниялик ўрмонлар, фабрикалар ва омборларда ҳалок бўлди. Ўлдирилган боснияликларнинг жасадлари оммавий қабрларга кўмилган.
Аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси 1995 йилда Сребреницадаги воқеаларни геноцид деб тан олиш ва 11 июлни Босниялик мусулмонлар геноциди қурбонларини хотирлаш куни сифатида белгилаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мавзуга алоқадор