Узр сўрашни биламизми?
“Пушаймонман”, “Янглишдим”, “Бу ишни бошқа қайтармасликка ҳаракат қиламан”, “Мени кечира оласизми?..” Қулоққа ёқимли эшитилувчи, узр сўрашни ифода қилувчи бу сўзларни айтиш кўпчилик учун жуда оғир. Кимдир тортиниб, кимдир уялиб айтолмас, балки. Бироқ энг ёмони банданинг кибри сабаб кечирим сўрамаслигидир. Кимдандир узр сўраш такаббур кимса учун камситилиш, хорлик, ҳатто зулмдек туюлади. Ваҳоланки, адашганини англаб, ҳақсизлик қилган кишисидан ҳалоллик сўраган одамнинг даражаси тушмайди, аксинча, кўтарилади. Зеро, айбини тушуниш, ранжитган одами қошида эгилиш – марднинг иши. Чунки мардлик ноҳақ ҳолида ҳам бошни тик, баланд тутиш дегани эмас.
Бир ҳақиқат бор – одамнинг хатосини тан олиши жуда қийин.
Лекин яна бир ҳақиқатни унутмайлик: адашганини эътироф этиб, кечирим сўраш
туғилишданоқ барчанинг фитратида бор бўлмаган, бироқ кейинчалик ўрганиш мумкин
бўлган санъат.
“Мени кечиринг”. Бу
жумла тўғри ва ўрнида қўлланганида, маъно юки катта, баҳоси улуғ. Бироқ
қайта-қайта қилинган хато ортидан сўрайвериладиган узрнинг қиймати йўқ.
Узр сўраш айбини тан олиш, шу билан бирга, адашгани
оқибатида бошига келадиган ишларга розиликдир. Худди ҳазрат Хизр
(алайҳиссалом)га йўлдош бўлиб, тақиқланган ишни икки марта такрорлаб: «Агар
бундан кейин сендан бирор нарса ҳақида сўрасам, менга ҳамроҳ бўлмагин. Мен
томондан узр (қабул қилиш меъёри)га етган бўлурсан» (Каҳф, 76), деган Мусо
(алайҳиссалом) сингари...
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисда: “Биродарим Мусони
Аллоҳ раҳмат қилсин – бу сўзни яна узр айтишга уялганидан айтди. Агар узр
айтишни чегараламай, Хизр билан юраверганида кўп ажойиб-ғаройиб ишларни кўрарди”, деб марҳамат
қиладилар. Демак, узр сўраш адашганини бўйинга олиб, хатони қайтармасликка
берилган сўз, ваъдадир. Бундай қилмаслик, қарши тараф яхшилигини суистеъмол
этишдир.
Узр сўрашнинг катта-кичиги бўлмайди. Кечирим фақат
катталардангина сўралмайди. Агар боламизга ҳақсизлик қилсак, уялмай узр
тилайлик, фарзандларимиз кечиришни, кечирим сўрашни ўргансин.
Оилада, ишхонада, жамиятда ғавғосиз, хотиржам, аҳил-иноқ
яшашнинг калити биргина жумла: “Мени кечиринг”.
Ҳадиси шарифда айтилади: “Одамларга ташаккур қилмаган,
Аллоҳга шукр қилмайди” (Имом Термизий). Шундай экан, кимгадир ҳақсизлик қилсак,
узр сўрашга, эгилишга одатланайлик. Токи, Аллоҳ таолонинг ҳудудларини
билиб-билмай босганимизда, қалбимиз гуноҳимизни эътироф этишга, тилимиз тавба
қилишга қийналмасин, бошимиз машаққатсиз эгилсин. Айбу нуқсонларимизни, ёмон
ишларимизни эътироф этайлик, пушаймонимиз самимий бўлсинки, узримизни бандалари
қабул қилсин; тавбаларимиз илоҳий даргоҳда мақбул бўлиб, Аллоҳ таоло
гуноҳларимизни мағфират этсин!
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи