Яралишимиз ҳикмати
“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56).
Муфассир Розий ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида бундай ёзади: “Макка мушриклари: “Аллоҳ таоло фаришталарни яратган ва уларни Ўзига яқин қилган. Шунга кўра, фаришталар Аллоҳга ибодат қиладилар. Зотан уларнинг яратилишларидан кўзланган мақсад ҳам ибодатдир. Биз эса, даражамиз пастлиги учун Аллоҳга ибодат қилишга лойиқ эмасмиз. Шунинг учун биз фаришталарга ибодат қиламиз, фаришталар Аллоҳга ибодат қилишади”, дейишарди. Шунда Аллоҳ таоло:“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, дея марҳамат этган ва бу ўринда фаришталарни зикр қилмаган. Чунки фаришталар ҳақидаги ҳолат Макка мушриклари орасида маълум ва машҳур эди. Шу боис, Аллоҳ таоло фақат ихтилофли жиҳатни зикр қилган”.
Қуртубийнинг тафсирида айтилишича, бу буйруқ Аллоҳ таолонинг азалий илмига кўра, Ўзига ибодат қилиши маълум бўлган бандаларга тегишлидир. Буйруқ умумий лафзда келгани билан маъноси хусусийдир. Буйруқнинг маъноси бундай: “Мен жин ва инсонлардан бахтиёрларини фақатгина Мени ягона билсинлар, дея яратдим”.
Оятда нима учун жинларнинг олдин зикр қилингани хусусида бир неча хил қарашлар бор:
– “Жин” сўзи “кўринмайдиган” деган маънони беради. Шунга кўра бу сўз фаришталарни ҳам ўз ичига олади.
Фаришталарнинг ихлос ва ибодатлари улуғ бўлгани учун инсонлардан олдин зикр қилинган;
– Жинларнинг олдин зикр қилинишига сабаб уларнинг олдин яратилганлигидир;
– Ибодат очиқ ва махфий турларга бўлинади. Махфий қилинган ибодат очиқ-ошкора қилинганидан устундир. Жинларнинг ибодати махфий бўлиб, ичига риё кириш эҳтимоли кам. Инсонларнинг ибодатларига эса риё аралашиб қолиши мумкин. Чунки одам баъзан бошқаларнинг кўзи учун; баъзан эса жинлардан хабар олиш ёки улардан қўрққани учун ибодат қилади. Жинлар ундай эмас.
Қушайрий айтади: “Ояти каримада бандаларнинг бир қисми назарда тутилган. Чунки ақли заифлар ва болалар Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилмаган. Зеро, “Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз...” (Аъроф, 179) деган мазмунда ояти карима бор. Дўзах учун яратилган кимсалар эса, ибодат учун яратилганлардан бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, бу ояти каримани бандалар орасидан имон келтирганлар ҳақида тушган, дейилса тўғри бўлади”.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу оятни бундай тафсир қилганлар: “Мен жинларни ҳам, инсонларни ҳам фақатгина уларни ибодатга буюришим учун яратдим”. Зажжож ҳам шу маънони маъқуллаган. Бунга Аллоҳ таолонинг “...Ваҳоланки, Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга буюрилган эдилар...” (Тавба, 31) ояти каримаси далил бўлади.
Бундан ташқари, “...фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина...” ояти каримасини “Истасалар ҳам, истамасалар ҳам Менга ибодат қилиниши кераклигини эътироф этсинлар”, деган маънода таъвил этганлар ҳам бор. Буни Али ибн Абу Талҳа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Мужоҳид оятни “Фақатгина Мени билиб-танишлари учун” деб тафсир қилган. Саълабий буни “Ажойиб таъвил!” деб таърифлаган. Чунки Аллоҳ уларни яратмаса эди, Унинг борлиги ва бирлиги билинмасди. Бу тафсирга Аллоҳ таолонинг “(Эй Муҳаммад,)қасамки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “Уларни қудратли ва билимли (Аллоҳ) яратган”, дерлар” (Зухруф, 9) маъноли ояти каримаси ва шунга ўхшаш оятлар далил бўлади.
Зайд ибн Аслам оятнинг шарҳида бундай дейди: “Бу уларнинг яратилишларидаги бахтлилик ёки бахтсизликдир. Аллоҳ таоло жинлар ва инсонлардан бахтлиларини Ўзига ибодат қилишлари учун, бахтсизларни эса исён қилишлари учун яратган.”
Калбийдан нақл қилишларича, оятнинг маъноси “Фақатгина Мени ягона деб билишлари учун яратдим”, демакдир. Мўмин қийин, машаққатли вақтларда ҳам Аллоҳни битта деб ишонишда давом этаверади. Кофир эса қийин пайтда Уни ягона деб билади, аммо роҳат-фароғатда яшаганида бундай қилмайди. Бу маънони “Қачонки, (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Бас, қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри йўл тутувчидир. Оятларимизни фақат барча хоин ва ношукр кимсаларгина инкор қилурлар” (Луқмон, 32) мазмунли ояти каримаси тасдиқлайди.
Икрима оятни бундай шарҳлайди: “Мен жин ва инсонларни фақатгина Менга ибодат қилишлари ва итоат этишлари учун яратдим. Ибодат қилганларни мукофотлайман, инкор этганларни эса жазолайман”.
“Жинлар ва инсонларнинг яратилишига сабаб бўлган ўша ибодат нима эди?” деган саволга Розий бундай жавоб берган: “Бу – Аллоҳ таолонинг барча амрларига ҳурмат ва махлуқотига иззат кўрсатиш. Чунки шариатнинг бутун ҳукмлари мана шу икки хил нарсадан холи эмас. Ибодатларнинг хусусиятига келсак, бу борадаги қонун-қоидалар, шакл, оз-кўплик, замон-макон, шартлар ва рукнлар жиҳатидан турли-тумандир. Таъзим ва ибодатнинг Улуғ Аллоҳга лойиқ даражасини ақл билан топиш мумкин бўлмагани учун бу хусусда шаръий қоидаларни маҳкам тутиш ва пайғамбарларнинг сўзларини олиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло ибодатнинг бу икки тури хусусида бандаларига пайғамбар юбориш ва мазкур хусусдаги йўлларни изоҳлаш орқали чексиз лутф кўрсатган”.
Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.