ТАВҲИД БАЁНИ
Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбарлар сўнгиси Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин.
Ҳар бир банда учун айтадиган сўзи аҳамиятли ҳисобланади. Чунки бандалар уч томонлама масъул бўладилар: 1. Тилдан; 2. Қалбдан; 3. Барча аъзолардан. Ушбу аъзоларнинг ҳар бири билан қилинган ишдан бандалар қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинадилар. Инсон аъзоларининг энг хатарлиси тил ҳисобланади. Аслида тилнинг иши қалбдаги каломга мувофиқ ё мувофиқ эмаслигидан қатъи назар мутлақо талаффуз қилиш ҳисобланади.
Ҳар бир мукаллаф инсоннинг тили талаффуз қилган сўзларини фаришталар ёзиб борадилар. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг афзали шаҳодат калимасини айтишдир. Сўнгра барча ишларда фақат рост сўзларни сўзлаш ҳисобланади. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг ёмони Аллоҳ таолога ширк келтириш ва куфр бўлган сўзларни айтишдир. Кейин эса ёлғон, ғийбат ва чақимчилик каби сўзлардир. Шунинг учун ҳар бир банда талаффуз қилаётган сўзларига ҳушёр бўлиши лозим. Бандалар масъул бўладиган иккинчи аъзо қалб ҳисобланади. Қалбнинг иши мутлақо эътиқод қилишдир. Тўғри бўладими ё нотўғри бўладими қалб қайси тушунчага боғланса, ўша тушунча “эътиқод” ва “ақида” деб номланади. Шунинг учун қалб ҳеч қачон ақидасиз бўлмайди. Яъни мўмин кишининг ақидаси иймон бўлса, кофирнинг ақидаси куфр бўлади. Ўзини гўё ҳеч нарсага иймон келтирмайдиган деб ҳисоблайдиган кимсанинг ақидаси иймон келтириш лозим нарсаларга иймон келтирмаслик бўлади. Қалбга тааллуқли муҳим ишлардан бири ният ҳисобланади. Қилинаётган амалларнинг савобли бўлиши ёки аксинча бўлиши ниятга боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолога ва У нозил қилган барча нарсаларга иймон келтириш ҳар бир ақли расо, балоғатга етган мусулмон зиммасига фарз бўлган эътиқоддир.
Бандалар масъул бўладиган нарсаларнинг учинчиси қолган барча аъзолардир. Бандалар фарз, нафл, мубоҳ амалларни ҳам, гуноҳу маъсиятларни ҳам аъзолари билан амалга оширадилар. Маълумки, умри давомида узрсиз равишда бирор марта ҳам иймон калимасини айтмаган кишининг мўмин ҳисобланиши ё ҳисобланмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз дастлаб иймон калималарини ўрганишга ва ўргатишга эътибор қаратганлар. Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муаллимус соний” асарида бошланғич ўқувчилар учун “иймон калималари” алоҳида баён қилинган. Мазкур калималар ҳар бир мўмин киши билиши ва уларнинг маъноларига эътиқод қилиши зарур бўлган калималардир.
“Эътиқод дурдоналари” китобидан