Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасидаги баҳсли участкаларнинг 94 фоизи бўйича келишиб олди. Бу ҳақда «Кабар» ахборот агентлиги Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати хизматига таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, икки давлат ҳукумат делегацияларининг ҳуқуқий масалалари бўйича топографик ишчи гуруҳлари ва ишчи гуруҳларининг навбатдаги музокаралари август ойида Боткен шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашув давомида томонлар баҳсли ҳудудларнинг қолган 6 фоизини муҳокама қилади.

Қирғиз-Тожикистон давлат чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади.

Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли чегара участкалари икки давлат аҳолиси ва ҳарбийлари ўртасида тез-тез тўқнашувларга сабаб бўлган. Тўқнашувларда кўп сонли қурбонлар ҳам берилган.

Жумладан, Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги 2022 йилдаги можаро Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасидаги 14 сентябрь куни Самарқандда ШҲТ саммити арафасида бошланди ва 19 сентябргача давом этди. Қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар тарихидаги энг йирик ва қонли тўқнашув ҳисобланади.

Ҳар икки томон ҳарбий ҳаракатлар бошланишида бир-бирини айблади. Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, можаро пайтида қирғиз томондан 63 киши ҳалок бўлган, 140 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон томонида 83 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга алоқадор