Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти душанба куни Россия 2014 йил 18 март куни расман яриморолни аннекция қилганидан бери Қримдаги украин ва қрим-татарлар идентификациясини йўқ қилишга уринаётганини маълум қилди. Халқаро ташкилотга кўра, худди шу сиёсат Украинанинг аннекция қилинган бошқа ҳудудларига ҳам тегишли.

“10 йиллик ишғол давомида Россия Украинани Қрим устидан суверенитетдан маҳрум қилиш учун барча имкониятларни ишга солди”, дейилади ҳисоботда. Ташкилот Москва сиёсатини ярим оролнинг “этник таркибини ўзгартириш”га қаратилгани билан тавсифлади.

“Бу сиёсат, шубҳасиз, Россиянинг ўзи босиб олган Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳаракат қилиш режасини акс эттиради”, — дейилади баёнотда.

Ташкилотнинг билдиришича, Россия расмийлари сўнгги ўн йил ичида таълим, дин, оммавий ахборот воситалари ва суд тизими каби соҳалардаги кўплаб чекловлар орқали украин ва қрим-татар идентификациясини йўқ қилишга уринган.

“Ўқув дастурларига киритилган ўзгартиришлар ва украин тилидаги таълимни деярли бутунлай йўқ қилиш ёш авлоднинг Қрим тарихи билан боғлиқ бўлган рус талқинига қарши тура оладиган билим ва тушунчаларга эга бўлмаслигини таъминлашга қаратилган”, —  дейилади ҳисоботда.

"Бу барча мустақил оммавий ахборот воситаларини бўғиш, диний озчиликлар ва уларнинг урф-одатларини бостириш, маданий байрамларни ўтказишини тақиқлаш билан мустаҳкамланади", —дея хабар берди инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Ҳисоботда келтирилишича, 2001 йилда Украина томонидан ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида яриморолда яшовчилар сони 2,4 млн дан зиёдроқ бўлган. 125 этник элат ичида руслар энг катта гуруҳни 60% ташкил қилган, ундан кейин эса украин (24%) ва қрим татарлари (12%) турган. 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннекция қилинганидан сўнг, Россия ҳукумати ўша йилнинг сентябрь ойида аҳолини рўйхатга олиш ўтказган ва унда аҳоли сонининг умумий камайгани, аммо руслар улуши 65 фоизга кўпайгани, украин ва қрим татарлари сони мос равишда 15 ва 10 фоизга камайгани қайд этилган.

Маълумот учун, Қрим 2014 йил 18 март куни Россия ҳарбийлари томонидан расман ишғол қилинган эди. Унга қадар яриморолда Украинанинг янги ҳукумати тарафдорлари ва россияпараст фаоллар ўртасида қарама-қаршиликлар кузатилган, 2 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Мавзуга алоқадор