Американинг Foreign Affairs нашри муаллифлари Грэм Эллисон ва Амос Ядлиннинг фикрича, Нетаняхунинг муросасиз ёндашуви Исроилни ғалаба қозониб бўлмайдиган урушга олиб кириши мумкин.

Мақолада айтилишича, бугун Исроилнинг аввалги 13 бош вазиридан бирортаси ҳокимият тепасида бўлганида, Исроилнинг ўзи ишлаб чиққан ва май ойи охирида АҚШ таклиф қилган келишувни қабул қилиши аниқ эди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа тақдим этган Американинг “якуний режаси” Нетаняхунинг кўплаб талабларини ўз ичига олади.

Келишув олти ҳафталик оташкесимни, исроиллик гаровга олинганларнинг кўп қисмини Исроил қамоқхоналаридаги яна ҳам кўпроқ фаластинликларга алмаштиришни ва Исроилнинг Ғазо секторидаги аҳоли пунктларидан чиқиб кетишини назарда тутарди.

Сўнгра режа доимий ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш ва Ғазони қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб боришни кўзда тутади.

Нетаняху Блинкенга келишувнинг ҳеч бўлмаганда биринчи босқичини қабул қилишини айтган, бироқ кейин фикрини ўзгартирган ва музокарачиларга буни қабул қилмаслигини билдирган. Унга нима тўсқинлик қилмоқда?

Шу нуқтада, агар Нетаняху келишувни рад этишда давом этса, ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни қайтариш учун ягона тўсиқ Нетаняхунинг шахсий оқибатларидан қўрқишидир.

Нетаняху Ғазодаги урушнинг тугаши Исроил Кнессетида уни қўллаб-қувватловчи коалициянинг емирилиши ҳамда янги сайловлар унинг мағлубиятига сабаб бўлишидан хавотирда, дейди мақола муаллифлари.

У, шунингдек, урушдан кейин ҳисоб-китоб бўлишини яхши билади: мустақил шахслардан иборат комиссия Исроил миллий хавфсизлигига тарихдаги энг йирик муваффақиятсизлик ҳисобланган 7 октябрь ҳодисалари - ҲАМАС ҳужумларининг олдини ололмаганлик учун жавобгарликни унинг ҳам зиммасига юклайди.

Бироқ Нетаняху исроилликлар ва америкаликларга гаровга олинганларни уйларига қайтариш имконини берадиган ғалабани эълон қилиш ўрнига, ҲАМАС тузган тузоққа тушиб қолди.

Агар у ҳозир ғалабани эълон қилмаса, стратегик мағлубият йўлида давом этади, дейилади мақолада.

Нетаняхунинг "тўлиқ ғалаба"га интилиши Ғазодаги урушни эндиликда Исроилга ҲАМАСдан кўра кўпроқ хавф туғдирадиган бошқа жабҳалардаги душманларга эътибор бермаслик эвазига давом эттиришни англатади.

Ғазодаги жорий ҳаракатларни давом эттириш ҲАМАСнинг йўқ қилинишига олиб келмайди, балки Исроилни узоқ ва қимматга тушадиган аксилпартизан уруши ва эскалациянинг бошқа майдонларда кўчишига олиб келади.

Гаровга олинганлар ўлишда, Исроил иқтисодиёти ёмонлашишда, дунёдаги мавқеи янги энг паст даражага тушишда давом этади ва халқаро судлардаги суд курашлари кескинлашади.

Аслини олганда, "тўлиқ ғалаба" стратегияси, деб ёзади муаллифлар, Эроннинг мақсадига хизмат қилади: Исроилни бир вақтнинг ўзида бир нечта ареналарда мағлубиятга сабаб бўладиган урушга тортиш.

Вашингтон Ғазо секторида эришиб бўлмайдиган "тўлиқ ғалаба"га интилиш Американинг аралашувини талаб қилиши мумкин бўлган кенгроқ минтақавий урушга олиб келишини, бу эса 5 ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари олдидан охирги ҳафталарда унга керак бўладиган сўнгги натижа эканини билади.

Исроил дарёдан денгизгача қуруқликдаги етти миллион фаластинлик, шунингдек, минтақада яшовчи юзлаб миллион бошқа араблар ва мусулмонлар билан тинчлик келишувига эришишидан қатъи назар, бу тинчлик доимо қуролли тўқнашувларга сабаб бўлиб қолаверади.

Аммо Исроил ўз қўшнилари, айниқса ядровий қуролга эга Эрон билан чексиз, енгилмас урушларга тортилса, омон қолиш эҳтимоли хавф остида бўлади.

Омон қолиш учун Исроил нафақат кучли тўхтатувчи кучга, балки қўшнилари унга қарши курашишдан кўра у билан бирга яшашни афзал кўрадиган муҳитга муҳтож.

Мавзуга алоқадор