Гади Айзенкот

Исроил армияси Бош штабининг собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Гади Айзенкот, “Махане Мамлахти” партияси етакчиси Бени Ганц ҳамда Ғазо бўлинмаси қўмондони Ави Розенфельд Нетаняху ҳукуматини тарк этди.

Айзенкот истеъфога чиқиш мактубида бош вазир Нетаняхуни Исроилнинг стратегик ҳолати ва миллий хавфсизлигига зарар етказаётганини айтиб, муҳим қарорлар қабул қилишдан қочганликда айблади. “Яқинда сиз томонингиздан қабул қилинган қарорлар мамлакат манфаатларидан келиб чиқмаганини кўрдик”, - деди у.

“Давлат лагери” сиёсий блоки ва “Махане Мамлахти” партияси раҳбари Бени Ганц ҳам ҳукуматдан истеъфога чиққанини эълон қилди.

Бени Ганц

“Бу осон қарор эмас, лекин Исроил давлати ҳақиқий ғалабага лойиқдир. Ғалаба – барча гаровга олинганларнинг қайтиши, бу ҳақиқий бирдамлик, ғалаба – миллий устуворликлар тартибини ўзгартириш”, — деди Ганц.

Унинг айтишича, "Нетаняху ҳақиқий ғалабага эришишга тўсқинлик қилмоқда" ва шунинг учун унинг блоки фавқулодда ҳукуматни тарк этмоқда.

Ганц 2024 йил кузида сайлов ўтказишга чақирди ва мудофаа вазири Йоав Галантга мурожаат қилиб: “Сиз ҳалол одамсиз. Энди нафақат ҳақиқатни гапириш, балки шу ҳақиқатга амал қилиш вақти келди”, - деди.

Ганц аввалроқ 7 октябрь воқеаларига олиб келган муваффақиятсизликларни текшириш бўйича давлат комиссиясини тузишни талаб қилган ва Ғазода уруш режаси йўқлигидан норозилигини билдирган эди.

У Исроил устидан хавфсизлик назоратини сақлаб қолган ҳолда АҚШ, Европа, араб давлатлари ва фаластинликлар ҳомийлигида Ғазо учун вақтинчалик фуқаролик бошқарувини яратишни таклиф қилди.

"Агар сиз мутаассиблар йўлини танласангиз ва бутун халқни тубсизликка олиб борсангиз, биз ҳукуматни тарк этишга мажбур бўламиз", деб таҳдид қилганди Ганц.

Истеъфоларга Исроил армиясининг Ғазодаги дивизияси қўмондони Ави Розенфельд ҳам қўшилди. У “етар” деди.


Исроил молия вазири Безалел Смотрич ушбу воқеаларни шундай изоҳлар экан, "Ганцнинг истеъфоси - Хамас раҳбари Яҳё Синвар интилаётган ютуқдир", - деди.

Исроил собиқ мудофаа вазири Моше Яалон ҳам ўз фикрини билдирди.

“Порахўр ҳукумат Ганц ва Айзенкотнинг кетиши билан қонунийлигини йўқотди. Тарихимиздаги энг ёмон хавфсизлик муваффақиятсизлигига сабаб бўлган ҳукумат бизни бу инқироздан олиб чиқиш учун ҳеч қандай мандат ёки хоҳишга эга эмас. Улар урушни тугатишга ва гаровга олинганларни озод қилишга қарор қила олмайди. Биз мамлакатни ҳалокатдан қутқариш учун имкон қадар тезроқ сайловларни ўтказиш учун кўчаларга чиқамиз”, - деди у.

ҲАМАС етакчиларидан бири Сами Абу Захри эса: "Ганц ва Айзенкот чўкаётган кемани чўкиб кетишидан олдин тарк этишни хоҳлашди”, - дея муносабат билдирди.

Мавзуга алоқадор