Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь президенти Александр Лукашенко 7-9 февраль кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташрифнинг қисқача тафсилоти.

7 февраль

Беларусь президенти Александр Лукашенко расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Белорусь раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов ва Беларусь ташқи ишлар вазири Сергей Алейник кутиб олди.

Беларусь етакчиси дастлаб Тошкентдаги “Humo Arena” муз саройига ташриф буюрди. Спорт мажмуасида Александр Лукашенкони Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Икки давлат президентлари Тошкентнинг “Ҳумо” ва Остонанинг “Номад” хоккей жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилдилар.

Ўйин якунида олий мартабали меҳмонларга уларнинг исмлари туширилган хоккей кийими топширилди.

8 февраль

“Кўксарой” қароргоҳида Беларусь президенти Александр Лукашенкони расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.

Музокараларда ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошгани маълум қилиниб, ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор муҳим икки томонлама ҳужжат ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шу жумладан:

– 2024-2025 йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимларини қўллаш тўғрисида битим;

– Рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Илм-фан ва ишлаб чиқаришда ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Тошкент ва Минск шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;

– Энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– 2024-2025 йилларда спорт соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича “йўл харита”си;

– 2024-2026 йилларда агросаноат мажмуида ҳамкорлик бўйича “йўл харита”си;

– Ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси;

– 2024-2025 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси.

Бундан ташқари, ташриф доирасида 2024 йилда Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифлари режа-жадвали имзоланди.

“Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон-Беларусь саммити якунлангач, биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди. Беларусь президенти эътиборига Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маиший техника, электрон ҳисоблагичлар, лифт ва эскалаторлар, насослар, саноат қозонхоналари, совитиш тизимлари каби кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар тақдим этилди.


9 февраль

Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко “Амирсой” тоғ дам олиш масканига ташриф буюрдилар. Етакчилар мулоқотни тоғ-чанғи трассасида давом эттириб, биргаликда чанғи учдилар.


Мавзуга алоқадор