Ўзбекистон ва Туркия президентлари Анқарадаги музокаралар якунида ОАВ учун баёнот билан чиқди. Унда Шавкат Мирзиёев Фаластин бўйича ҳам баёнот бердиЎзбекистон президенти Ғарб давлатларининг фожиага муносабати Ўзбекистонни қаттиқ хавотирга солаётгани, амалда иккиёқлама стандартлар кузатилаётганини таъкидлади.

“Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган ва уларнинг ҳимоясида турган етакчи, ривожланган давлатлар бу қотилликларга, бу ваҳшийликларга кўз юммоқда. Албатта, зўравонликни тўлиқ тўхтатиш ва тинчлик жараёнини бошлаш керак. Ғазо фожиаси ҳанузгача ҳал қилинмаган Исроил–Фаластин зиддиятининг аянчли оқибатларидир. Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун, албатта, мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт. Аслида Фаластин муаммоси бутун Яқин Шарқ муаммосидир”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент, Ўзбекистон ана шу ўткир муаммо бўйича Туркия президенти билдираётган адолатли ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Биз муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз. Ўзбекистон заминида туғилиб, камол топган, мусулмон оламида юксак эътироф этилган мутафаккирлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳовуддин Нақшбанд каби улуғ зотларнинг бебаҳо маънавий-маданий меросига қардош турк халқининг диққат ва эътибори тобора ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидладик. Ҳурматли Эрдоган жаноби олийларининг Ислом динига қарши ҳар қандай салбий ҳаракатларга нисбатан қатъий позицияси ҳам алоҳида эҳтиром ва эътирофга лойиқдир. Биз ҳозир мураккаб вазиятда динимизга қарши ёвуз кучларнинг турли хуруж ва босимларига биргаликда жавоб қайтаришга келишиб олдик”, – дея таъкидлади Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг ноябрь ойида ИҲТ саммити чоғида ҳам Ғазо масаласида баёнот берган, Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаган эди.

Мавзуга алоқадор