«Ҳамма нарса синов келганда билинади – дўстлик ҳам, муҳаббат ҳам. То синовгача ҳамма ўз муҳаббати, дўстлиги ҳақида лоф ураверади...»

Менга бу сўзларни айтган одам қанчалар ҳақ экан. Ўшанда рамазон ўрталаб қолган, вақт асрдан ўтиб шомга яқинлашаётган бўлса-да ёз жазирамаси озгина ҳам пасаймаган, сувнинг жилдираган (қанчалар ёқимли!) овозини эшитмаслик учун қулоқларимни кафтларим билан маҳкам ёпиб, дақиқа санаётган кунимда юқоридаги жумлалар моҳиятини англаб етганман.

Кўзим тўла ёш, юрагим эзилгандан эзилиб боряпти, қўлимни кўтаришга мажолим йўқ, худди хаста одамдекман. Томоғим қақраб кетяпти, нимага қарамай сув бўлиб кўринади. Қачон шом бўларкин?..

Астағфируллоҳ, нималарни ўйлаяпман? Бу – миннатми? Бунақа рўзадан кун бўйи оч қолиш ва ташналикдан бошқа нима орттираман? «Бандаларимнинг одамлар кўзи тушгулик барча ишлари (намоз ўқиш, хайр-эҳсон қилиш, закот беришлари) ўзлари учун, тутадиган рўзалари эса Мен учун бинобарин, унинг мукофотини Ўзим бераман». Шу ҳолимда, нафсим мен билан аёвсиз олишиб, муздай сувдан қониб-қониб ичишга ундаётган, ўзим ҳам шунга мойил бўлиб турганим бир пайтда бу қудсий ҳадисни ёдимга солган Улуғ Зотга ҳамду санолар бўлсин!..

Шомдан сўнг...

Ҳақиқатан ҳам, ҳамма нарсанинг қадри синов келганда билинаркан. Аллоҳга муҳаббатдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган севгидан гапириш осон экан. Бир дўстимнинг таъбири билан айтганда, «олдин ҳам рўза тутяпмиз деб юрган эканмиз, ҳақиқий рамазон энди бўляпти» (араб тилини яхши биладиган дўстим рамазон сўзи маъносига ҳам ишора қилди, шекилли. Чунки «рамазон» арабча «ар-рамад» деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда ошиб кетишини, «ар-рамдо» эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради).

Кўп нарсалар ҳикматини ўша рамазонда тушуниб етгандекман. Масалан, шу пайтгача: «Рўзадор учун икки қувонч бор: бири – оғиз очганида, иккинчиси – рўза тутиб, ёруғ юз билан Аллоҳга йўлиққанида», деган ҳадисни кўп бора ўқиганман. Ифторлик қувончини ҳам кўп бор ҳис қилганман, аммо... бу рамазондагичалик эмас. Ҳар гал оғиз очганимда қониб сув ичарканман, унинг томирларимга, вужудимга қувват бўлиб ёйилаётганини сезиб  тураман ва бошқа рамазондагилардан фарқли равишда дил-дилимдан айтаман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос муборак жумлаларни: “Ташналик кетди, томирлар намланди, ажр нақд бўлди, иншааллоҳ” (Абу Довуд ривояти).

«Ким рамазон кечаларини савобига ишониб ва унга эришиш нияти ила намоз ўқиб жонлантирса, аввалги гуноҳлари кечирилади». Бу ҳадис ҳикматини ҳам ўша рамазонда англагандекман. Таровеҳни қўйинг, хуфтонни саҳарликдан сал олдин ўқиб олиш маъқул кўриниб, шомдан кейиноқ уйқуга кетишни мўлжаллаётган; аммо дунёдаги очлик, ташналикдан азоб чекаётган қанчалаб инсонлар, жазирамада рўза тутган ота-онам, жигарларим, яқинларим ҳолини ўйлаб, улар ҳақига дуо қилиш, гуноҳларимизга мағфират сўраш, илоҳий раҳматга эришиш умиди ҳорғин вужудимга куч бериб, жойнамоз устида турган онларимда тушунгандекман.

Ҳар куни оғиз очарга муздай чой, шарбатлар тайёрлаб қўядиган синглимга миннатдор боқарканман: «Рўзадорга ифтор уюштириб берган одам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савобни олади», деган ҳадис ёдимга тушиб, дилим ёришади.

Бандамиз, ожизмиз, бунинг устига ишхонада ҳар хил муомала-муносабат... Жаҳлим чиққанида ташналикдан оғзим қуриб, жумлаларни келиштира олмаслигимдан хижолат чекиб эмас, урушмоқчи бўлаётган ҳамкасбим ҳам худди мендек рўзадор эканини, қийналаётганини ўйлаб, ғазабим шафқатга айланганди. Муборак жумлалар хаёлимдан ўтади: «Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг». Қувонаман – яна бир ҳикмат.

Саратондаги Рамазонда...

«Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ, 5-6).

Аллоҳнинг ваъдаси – ҳақ! Шу кунгача бирор мушкуллик билмадимки у билан бирга ёруғлигини ҳам кўрмаган бўлсам. Ўша Рамазон ҳақиқий синов бўлди, лекин синовнинг ёруғликлари, енгилликларини ҳар кун, ҳар лаҳзада ҳис қилиб яшадим. Ўша қувончларни яна ҳис қилиш умидида бу йилги синов остонасидаман – вужуд, қалб тайёргарлиги ва яна... қўрқув билан.

Илоҳи, Ўзинг бизни синовларга қодир қилгайсан. Улуғ фазлу марҳаматинг билан ифторликдаги севинчларни бутун борича ҳис этиш бахтини насиб қилдинг. Насиб этажагинг иккинчи қувонч, улуғ шодлик, мўмин дилнинг энг ширин орзуси – Улуғ Кунда Дийдорингга етишиш саодатидан умидвормиз. Бизга бу рамазонни ҳам муборак ва хайрли қил, Раббим!

Зумрад Фозилжон қизи

Мавзуга алоқадор