Фото: Gazeta.uz

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳайит намози вожибдир. Рамазон ҳайити намозига келишдан олдин таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй атир сепиш, энг яхши кийимларни кийиш ва намоз вақтигача садақаи фитрни бериш суннат амаллардандир. Масжидга келгандан сўнг бомдод намози адо этилади. Бомдод намозидан кейин масжидга келганлар эса ҳайит намози ўқилгунига қадар нафл намози ўқимайдилар.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳайит намози ўқиладиган куни шайтон “дод” деб юборади. Шогирдлари: “Устоз, сизни ким хафа қилди”, деб қайта-қайта сўрашса ҳам тўхтамай йиғлайверади. Охири йиғисининг боисини айтади: “Бир йил ҳаракат қилиб, Одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни қилдиргандим, бари куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматига Аллоҳ уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди”, деб жавоб беради.

Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, закот ва хайр-эҳсон улашиладиган кундир.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг Қиёматдаги оғирини енгил қилади. Қайси бир банда бошқа бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади”, деганлар (Термизий ривояти).

Ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда кўп жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга боришади, йиғи-сиғи қиладиган аёллар ҳам бор. Бу иш шаръан дуруст эмас, лекин шундай жойларга бормасангиз, азадорларнинг баъзилари ҳатто “келмади” деб хафа ҳам бўлади. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан масжидга чиқсак, бомдод намози ва ҳайит намозини жамоат билан адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўпайтиришни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Юртимиз тинчлигини бардавом қилиб, хотиржамликда ибодат қилиб боришни ҳаммамизга насиб этсин! Омин.

Мавзуга алоқадор