Ўрта Осиёда исломнинг тарқалишига беқиёс ҳисса қўшган бу саркарданинг тўлиқ исми Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий бўлиб, куняси Абу Ҳафсдир. У умавийлар халифаси Валид ибн Абдулмалик замонасида Ироқ волийси Ҳажжож томонидан Хуросонга ноиб қилиб юборилади.

Қутайба қисқа муддат ичида – мелодий 710-715 йилларда бутун Ўрта Осиёни фатҳ этиб, Хитой императорига элчилар жўнатишга улгурди.

Биз бу тадқиқодимизда Қутайба ибн Муслимнинг олиб борган фатҳ ҳаракатларини баён қилмоқчи эмасмиз. Зеро, бу масала араб тарихчилари томонидан кераклича ўрганилган. Биз эса ушбу шахснинг олиб борган фатҳлар асносидаги адолати ва исломни ёйишга қўшган ҳиссаси ҳақида далиллар асосида батафсил тўхталишга қарор қилдик.

Бухоро фатҳ этилгач, Қутайба ибн Муслим у ерда “Моҳ руз” номли масжид қурдиришга қарор қилади. Бу масжид ўрни асрлар давомида буддавий ва зардўштий роҳиблари фаолият юритадиган жой бўлиб, у ерда йилига икки марта қимматбаҳо бут-санамлар сотиладиган бозор ҳам очилар эди. Уларнинг баҳоси баъзан эллик минг дирҳамгача кўтарилиб кетарди.

Қутайба ана шу фаолиятни тўхтатиш мақсадида ҳам масжид учун айнан ўша жойни танлаган.

Бухорода Қутайба қурдирган катта масжидлардан яна бири Бани Ҳанзала масжиди бўлиб, унинг ўрнида оташпарастларнинг ибодатхонаси жайлашганди. Бошқа бир манбада эса бу жой аввалда настурий христианларининг черкови бўлгани ёзилган.

Қутайба ибн Муслим томонидан қурдирилган яна бир масжид Бани Саъд дарвозаси томонда жойлашган бўлиб, номи Бани Саъд масжиди деб аталади.

Ўша пайтда Бухорода ҳам “Регистон” деб аталадиган майдон бўлиб, бўш ётганини кўрган Қутайба уни ийдгоҳ – ҳайит намози ўқиладиган жойга айлантирди. Мусулмонлар бу ерда йилига икки марта – икки ҳайит кунлари тўпланиб, ҳайит намози ўқишар, исломнинг бирдамлик, ҳамжиҳатлик дини экани ва мусулмонларнинг куч-қудратини атрофдагиларга намойиш қилишарди.

Бундан ташқари, Қутайба тинчликни таъминлаш мақсадида ҳайит кунларида мусулмон бўлмаганларга қурол кўтариб юришини тақиқлади. Аҳоли ислом ҳукмларини ўрганиши осон бўлиши учун бу ерларга мусулмон араб оилаларини кўчириб келтиради. Сабаби, бунгача Бухоро аҳолиси Қутайба ҳузурида мусулмон бўлар, у кетгач эса яна эски динларига қайтардилар. Бу ҳол такрорланавергач, Қутайба юқоридаги қарорга келди. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг жонли мисоллар орқали мусулмонча яшаш тарзини ўрганишларига ва ислом динининг қисқа фурсатларда оммалашиб кетишига олиб келди. Мусулмонлар ўртасида ҳам шариат ҳукмларининг бажарилишини назорат қилиб борар, шариат ҳукмларини бажаришда камчиликларга йўл қўйилмаслигига катта эътибор қаратар, ҳукмларни бузганларни жазоларди. Бу тутган йўли Пайғамбар ва унинг тўрт рошид халифаси йўлларига мос эди.

Кўплаб тарих китобларида ёзилгани каби, бухороликлар бу ҳолда норозилик билдирмаганлар. Чунки орадан бир оз вақт ўтиб, Умар ибн Абдулазиз тахтга ўтиргач, Мовароуннаҳрда барқарорликни сақлаш мақсадида Бухоро ва бошқа катта шаҳарларга кўчириб келтирилган араб оилаларни қайта кўчириб кетиш ҳақидаги қарорига маҳаллий аҳоли эътироз билдиришган, араблар билан кечаётган ҳаётларидан мамнун эканларини изҳор қилишган экан.

Қутайба ибн Муслимнинг шу ва бошқа саъй-ҳаракатлари кўп ўтмай ўзининг ажойиб мевасини бера бошлади. Бухорода исломий илм-фан гуркираб ривожлана бошлади ва бу заминдан етишиб чиққан забардаст уламолар, хусусан, Абул Ҳафс Кабир Бухорий туфайли Бухоро “Қуббатул ислом” – “ислом динининг гумбази” деган шарафли номга сазовор бўлди.

Қутайба ибн Муслимнинг Самарқандда исломни ёйиш ҳаракатлари

Ушбу машҳур саркарданинг Самарқанд фатҳи сари мана бу қизиқ факт билан кириб борамиз. “Ад-давлатул умавийя...” асарида келтирилган бу воқеада айтилишича, Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий бошчилигидаги мусулмон қўшинлар Самарқандни аввал маҳаллий аҳолига исломни қабул қилиш, аҳднома тузиш ёки уруш қилишдан бирортасини танлашни таклиф қилмай, тўғридан-тўғри босиб олдилар. Маҳаллий аҳоли бу иш ислом қоидасига хилоф эканлигини билганидан кейин халифага шикоят хати юборишди. Халифа бу ишни кўриб чиқишни қозига оширди. Қози Қутайба ва унинг одамлари Самарқандни ташлаб чиқишлари лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарди. Бу дунё тарихида ғолиб халқ қозисининг мағлуб халқ фойдасига чиқарган биринчи ҳукми эди. Қутайба аскарлари билан самарқандликлардан узр сўраб, шаҳарни тарк этди. Буни кўрган Самарқанд аҳолиси(нинг кўп қисми) исломга кирди.

Қутайба ибн Муслим бу ерда ҳам, ҳали шаҳарга кирмасидан биринчи қилган иши жумъа масжидини бино қилиш бўлди. Бу Самарқанд фатҳ қилингандан кейинги қурилган илк масжид эди. “Самария” китобида бу масжиднинг номи “Ҳазрати Хизр масжиди” экани айтилиб, уни Имом Қутайба ҳазрати Хизр ишорати билан иморат қилган, деб ёзилган.

Бу ҳақда “Ал-комил фит тарих” асарида бундай дейилади: “Икки ўртада сулҳ тузилгач, сўғдликлар шаҳарни бўшатдилар. Мусулмонлар у ерда масжид қуришди. Қутайба танлаб олган тўрт минг одами билан шаҳарга кирди, масжидда намоз ўқиди ва хутба қилди. Таомлангандан кейин сўғдликларга: “Хоҳлаган одамлар мол-дунёсини келиб олсин, сизлар билан келишиб, тузган сулҳимиздан ташқари ҳеч бир нарса олмайман!” деб хабар юборди”. Қутайбанинг динни ёйишга харисмандлиги ва ўлжа савдойиси эмаслиги бу воқеадан ҳам аён бўлиб турибди.

Ушбу машҳур саркарданинг Самарқандда ислом йўлида амалга оширган ишларидан яна бири у ердаги олтин ва кумушлардан безатилган санамларни тўплашга буюради. Бу нарсалар бир майдонга тўплангандан кейин (Табарий ҳамда ибн ал-Асирни ифодаларича, бу ашёларнинг баландлиги қасрга тенг эди) Қутайба санамларни эритиш учун олов ёқишга буюрган чоғида сўғд подшоҳи Ғурак Қутайбага: “Агар сизлар бутларни ёқиб юборсангиз, ўзингиз ҳам омон қолмайсиз”, деб бу ишдан қайтармоқчи бўлади. Қутайба унга жавобан бутларга ўз қўли билан “Аллоҳ акбар!” деб ўт қўйиб юборади. Эритилган олтин ва кумушларнинг вазни 50 минг мисқол (223 кг) бўлган.

Қутайбанинг Мовароуннаҳрнинг турли томонларида исломни ёйишга қилган хизматларини академик Бартольд ҳам эътироф этиб, “Қутайба Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда масжидлар қурдирди”, деб ёзадики, бу ҳам мазкур қўшиннинг дарди фақат ерларни фатҳ этиш эмас, балки ислом динини ёйиш ҳам бўлганини тасдиқлайди.

У Мовароуннаҳрда исломий илм-фан ривожи йўлида самарали ишлар қилди: кўпгина шаҳарларда мадрасалар барпо қилдириб, у ерларда исломий илмлар олиш учун шароитлар яратишни буюрди. Мазкур саркарданинг қўшини таркибида Муҳаммад ибн Восеъ, қози Яҳё ибн Йуъаммар ва машҳур муфассир Даҳҳок ибн Мазоҳим сингари забардаст уламолар бор эдиларки, улар ана шу илм масканларида маҳаллий аҳолининг диний билимларини оширишга, бу заминда исломий илм-фаннинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Лекин Қутайба ибн Муслимнинг ана шу фазилатларига қарамасдан, баъзи ғарблик тадқиқотчилар уни золим ва одамларни исломга мажбурлаб киргизган шахс сифатида тасвирлаганлар.

Тўғри, у жанг майдонида рақибга қарши шафқатсиз бўлган ва юришларда сабот кўрсатган. Агар шундай бўлмаганида эди, бугунги Эрони заминидан Хитой остонасигача бўлган ҳудудларни 5-6 йил ичида эгаллай олмаган бўларди. Шунга қарамай, унинг қачон рақиб томон сулҳ истаса, дарров жангни тўхтатиб, сулҳга рози бўлгани ҳам тарихий ҳақиқатдир.

Бироқ Қутайбани ҳеч қачон одамларни мажбуран мусулмон қилишда айблаш мумкин эмас. Асл тарихий манбаларни ўрганиб чиққан одам бунинг аксини кўради. Ахир масжидлар барпо қилиб, одамларнинг дилларини исломга мойил қилиш учун унга келиб намоз ўқиганларга икки дирҳамдан пул улашиш қоидасини жорий қилган одам қандай қилиб “динга мажбурловчи” бўлиши мумкин? Ваҳоланки, Қутайба бунинг ўрнига аҳолини мажбурлаб масжидга келтиришга ҳам ҳуқуқи ҳам бор эди. Зеро, ҳамма замонларда ҳам ғолиб тараф мағлуб томондагиларга истаган ишини қилдиришга ҳақли бўлади. Аммо Қутайба буни қилмади. Чунки аввало бу иш пайғамбар ва рошид халифаларнинг тутган йўлларига зидлигини ундан кейин дин, имон қалбга оид масала бўлиб, уни зўрма-зўраки дилга жойлаб бўлмаслигини яхши биларди.

Қутайба ана шу раҳнамоларнинг йўлларидан юришда давом этиб, ўзигача давом этиб келаётган мусулмонлардан жизя олиш қоидасини ҳам бекор қилди.

Аксар тарих китобларида Ўрта Осиёнинг араблар томонидан эгалланиши ва Қутайба ҳақида сўз кетганда, албатта, Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асаридаги «Қутайба Хоразм хатини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган ва билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни ҳалок этиб, буткул йўқ қилиб юборган эди. Шунинг учун у (хабар ва ривоятлар) ислом давридан кейин ҳақиқатни билиб бўлмайдиган даражада яширин қолди», деган маълумотни келтиришади.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Агар шу воқеа ҳақиқатдан ҳам содир бўлган эса, нима учун ўша олимларнинг биронта асарлари ёки уларнинг номлари, ҳеч бўлмаса, ўзларининг исми зикр қилинмайди? Ахир, Европада христиан инквизицияси томонидан қирғин қилинган олимлар тарих саҳифаларида номма-ном қилиб қайд қилингани ҳолда, ўрта осиёлик ўша донишмандлардан ҳеч бир ном-нишон қолмаслиги кишини ўйлантиради ва Берунийнинг юқоридаги маълумотининг тўғрилигига (агар ростдан ҳам ўзи айтган бўлса) шубҳа уйғотади.

Мана шундай фазилатларга эга бўлган саркарда сиёсий фитналар қурбони бўлди. Ўзи садоқат билан хизмат қилган маърифатпарвар Валид ибн Абдулмалик вафот этгач, ўрнига укаси Сулаймон тахтга ўтиради. Сулаймон акаси ва отаси каби маърифатни суювчи, олим киши эмасди. Табиийки, Қутайба бундай кишига бўйсунишдан бош тортгач, қўшини ўзига қарши бўлиб қолади ва улар томонидан 715 мелодий йили ўлдирилади. Бошқа бир манбада уни ўлдириш учун Сулаймон махсус жаллод юборгани айтилади. Қутайба билан бирга унинг оила-аъзоларидан ўн бир киши ҳам қалт этилади. Кейинроқ Сулаймон қилган ишидан афсусланади. Бироқ энди кеч эди. Қутайбанинг ўлими билан Ўрта Осиё шарқидаги фатҳ ҳаракатлари ҳам тўхтаб қолди.

Қутайба ибн Муслимнинг туғилган йили номаълум бўлса-да, унинг 96\715 йили ўлдирилганида ёши қирқ саккизда экани айтилади.

У ҳозирги Андижон вилояти, Жалолқудуқ тумани Қиличмозор қишлоғида вафот этган бўлиб, Мозорбува қабристонига дафн этилган.

Ҳозирги кунда бу қабристонда маҳаллий ҳукумат ва ҳомийлар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу буюк фотиҳнинг олиб борган баракотли фаолияти ҳақида асарлар ёзиш, ҳужжатли фильмлар қилиш лозим. Токи дунё ренессансига муносиб ҳисса қўшган ота-боболари билан мақтанишни яхши кўрадиган расмийларимиз ва халқимиз ўша аждодларнинг ислом билан шарафланишига сабабчи бўлган зотни яхшироқ таниб олишларини ақл, мантиқ ва инсоф тақозо қиладиган ишдир. Бизнинг бу уринишимизни эса, ана шу йўлдаги кичик ҳисса ва эслатма ўрнида қабул қилгайсиз.

Нўъмон Атабаев,

тадқиқотчи

Мавзуга алоқадор