Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувда Фаластиннинг барча кучларини бирлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирди.

"Биз Ғазони бошқариш бўйича [бошқа сиёсий ҳаракатлар билан] келишиб олишимиз мумкин", деди у. Истанбулдаги суҳбатдан сўнг сўзлаган Ҳания, шунингдек, Ғазо секторида ҳокимиятга оид баъзи муқобил вариантлар илгари таклиф қилингани, аммо унинг сўзларига кўра, муваффақият қозона олмаганини таъкидлади.

“Ғазо фаластинликлар томонидан бошқарилиши керак, деб таъкидлаган сиёсатчи: “ҲАМАС Ғазо бошқарувида ягона сўз соҳиби бўлишни талаб қилмайди, лекин биз Фаластин халқининг бир қисмимиз ҳамда шериклик ва ҳамкорликка асосланган миллий бирлик ҳукуматини яратишимиз, минтақани бошқариш бўйича келишиб олишимиз мумкин”.

Икки босқичда

“Бу бизнинг ички муаммоларимиз. Босқинчиларга ёки бошқа ҳеч кимга, хоҳ Ғазо секторида, хоҳ Ғарбий Соҳилда, хоҳ ҳар иккаласида ҳам, Фаластиндаги вазият билан ўйнашига йўл қўймаймиз”.

"Биз Фаластиннинг ички сиёсатини икки босқичда тартибга солишга чақирамиз, - дея давом этди Ҳания. - Биринчи босқич - Фаластин Озодлик Ташкилотини (ФОТ) ундаги барча Фаластин фракциялари билан бирга ислоҳ қилиш. Иккинчи босқич - Ғазони қайта қуриш ҳамда Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги муассасаларни ягона том остида бирлаштириш, шунингдек, президент, қонун чиқарувчи ва кенгашлар учун сайловлар ўтказилишини таъминлайдиган миллий ҳукуматни яратиш”.

Миллий ярашув ҳукумати

Ғазонинг Фаластиннинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлаган Ҳания минтақанинг урушдан кейин Ғарбий Соҳилни ҳам қамраб оладиган миллий ярашув ҳукумати томонидан бошқарилишини кутишини таъкидлади.

Истанбулга ташрифи Туркия ва Фаластин ўртасидаги муносабатларнинг тарихан мисли кўрилмаган мустаҳкамланиб бораётгани фонида содир бўлганини таъкидлаган Сиёсий бюро раҳбари ҲАМАС ва барча қаршилик гуруҳлари “доимий ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш, кўчирилганларни уйларига қайтариш, [инфратузилмани] қайта қуриш, Ғазо сектори бўйлаб блокадани олиб ташлаш ҳамда [маҳбуслар ва гаровга олинганларни] алмашишга эришишини айтиб ўтди. Унинг қўшимча қилишича, ҲАМАС делегацияси президент Эрдўғонга келишувга эришиш истаги ўзгаришсиз қолаётганини етказган.

Исроил тинчликни рад этади

ҲАМАСнинг музокараларда мослашувчанлик кўрсатгани, Исроил эса муросасиз позицияни эгаллаганини таъкидлаган Ҳания Туркия президенти билан бўлиб ўтган учрашувда Исроилда яқинлашиб келаётган Песах байрами муносабати билан муқаддас Ал Ақсо масжидига таҳдидлар, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги ҳодисалар баҳоланганини айтди.

Унинг таъкидлашича, ҲАМАСнинг устувор йўналиши ҳар доим Фаластин халқига қарши ҳар қандай ҳужумларни тўхтатиш бўлган: "Шунинг учун биз музокаралар олиб боришга рози бўлдик". “Аммо биз уларни доимий оташкесимга, аскарларнинг тўлиқ олиб чиқиб кетилишига, кўчирилганларнинг қайтишига ва асирларни алмашиш бўйича келишувга эришиш шарти билан қабул қилдик”, дея қўшимча қилди сиёсатчи.

ҲАМАС келишувга тайёр

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни Исроил қабул қилмаганини таъкидлаган Ҳания: “Унинг ягона таклифи асирларни қайтариш, кейин эса Ғазо секторида урушни давом эттириш, лекин бу мумкин эмас. Исроил армияси Ғазо секторидан бутунлай чиқиб кетиши керак”, - дея давом эттирди.

“Исроил кўчирилган одамларнинг Ғазо шимолига қайтишини ҳам истамайди. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери улар Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидан деярли 14 минг фаластинликни ҳибсга олди. Келишувга эришилишига айнан Исроил тўсқинлик қилмоқда ва Қўшма Штатлар бу борада уни қўллаб-қувватламоқда ва унга ҳеч қандай босим ўтказмаяпти”.

"Исроил барча талабларни қабул қилиши биланоқ, биз шартномани имзолашга албатта тайёр бўламиз", - дея қўшимча қилди Ҳания.

Америка тузоғи

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исроилнинг Рафаҳга ҳужум қилиш режасига АҚШнинг муносабати иккиюзламачилик эканини таъкидлади.

“Улар тинч аҳолининг жабрланишини истамасликларини айтишса-да, бу алдамчи операция. Ғазода ҳалок бўлган барча тинч аҳоли, минглаб ва ўн минглаб шаҳидлар Америка қуроллари, Америка ракеталари билан ўлдирилган. Бу АҚШ сиёсий ниқоби остида амалга оширилмоқда”, - деди Ҳания.

Унинг қўшимча қилишича, фаластинликлар вазиятни яхши тушунади ва шунинг учун “америкаликлар ва исроилликларнинг бу тузоғига тушмади”.

“Биз Рафаҳга бостириб киришдан огоҳлантирамиз, чунки бу катта қирғинларга олиб келиши мумкин. Қаршилик жангчилари ўзларини ҳимоя қилишга ва ўз халқига қилинган ҳужумларга қаршилик кўрсатишга тайёр”, - дея таъкидлади сиёсатчи.

Мавзуга алоқадор