Foreign Affairs журнали Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессияси Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилгани ҳақидаги таҳлилни чоп этди, дея хабар бермоқда TRT.

Мақолада таъкидланишича, можаронинг чўзилиши АҚШнинг минтақадаги таъсирига путур етказади ва авваллари бир-бири билан зиддиятда бўлган минтақавий державаларнинг ўзаро алоқалари ва воситачилик ўрнатишларига ёрдам беради.

“Ғазо уруши Фаластин масаласини халқаро кун тартибига яна олиб келган бўлса-да, Яқин Шарқдаги муҳим янги сиёсий динамикани ёритиб берди. Бир томондан, Қўшма Штатлар ўз таъсирини йўқотаётганга ўхшайди. Аммо, айни пайтда, минтақавий державалар, жумладан, можаролар тарихига эга бўлган давлатлар ҳам ташаббус кўрсатмоқда, воситачилик билан шуғулланмоқда ва ўз сиёсий жавобларини мувофиқлаштирмоқда. Минтақавий кучлар, хусусан, Миср, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия ва БАА 7 октябргача Фаластин масаласида унчалик ҳамжиҳат эмас эди, ҳозир улар таъсирчан бирлик, мувофиқлаштириш ва режалаштириш билан ҳаракат қилмоқда”, - дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Ғазо уруши Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни издан чиқариш ўрнига, уларни мустаҳкамлаган кўринади. 2023 йил ноябрь ойида Эрон президенти Иброҳим Раиси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон мезбонлик қилган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг камдан-кам учрайдиган қўшма йиғилишида иштирок этди ҳамда кейинги ойда Эрон ва Саудия Арабистони раҳбарлари Пекинда яна учрашиб, Ғазодаги урушни муҳокама қилишди. Икки давлат яқин ойларда Раиси ва Муҳаммаднинг давлат ташрифларини алмашишни ҳам режалаштирган.

“Қандай хоҳласа ҳам, АҚШ Исроил-Фаластин ўртасидаги барқарор келишувни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳал қилувчи раҳбарлик ёки воситани тақдим эта олмайди. Бунинг учун масъулиятни Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари ва дипломатлари ўз зиммаларига олади. Минтақа эътиборини ва дипломатик кучини ўзига тортган уруш умумий раҳбарликнинг янги шакллари учун камдан-кам имконият яратди”, - дейилади мақолада.

Foreign Affairs ўтган йилнинг октябрь ойида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан томонидан илгари сурилган Туркия ташаббусини ҳам эслатиб ўтди. Ўшанда Туркия кўп томонлама кафолат тизими концепциясини таклиф қилган, унда минтақа давлатлари Фаластин хавфсизлиги ва бошқарувини ҳимоя қилиши ва мустаҳкамлаши, АҚШ ва Европа давлатлари эса Исроилга хавфсизлик кафолатларини бериши кўрсатилганди. Айни пайтда Саудия Арабистони бошқа араб давлатлари билан Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш, Фаластин давлатига доимий йўл яратишни назарда тутган тинчлик режасини ишлаб чиқмоқда.

“Ушбу қайта юкланишдан фойдаланиб қолиш фурсати тугамоқда. Етакчи араб давлатлари Туркия каби минтақавий державалар билан бирга Ғазо келтириб чиқарган баъзи яқинлашувлар ва ундан кейин пайдо бўлган мувофиқлашувни қўлда сақлаб қолиш имкониятидан фойдаланиш керак. Минтақа янада инқироз ва можарога тушиб қолиши ёки биргаликда бошқа келажакни қуришга киришиши мумкин”, - дея хулоса қилади таҳлил муаллифлари.

Мавзуга алоқадор