Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан тушган 5 млрд евро миқдоридаги даромадни Украинага ўтказмасликка қарор қилди. Юридик харажатларни қоплаш учун маблағлар ушлаб қолинади. Бу ҳақда Politico ҳали оммага ошкор этилмаган тегишли ҳужжатга таяниб хабар бермоқда.

Ҳозирда Россиянинг музлатилган маблағларининг катта қисми бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Euroclear халқаро депозитарийси томонидан бошқарилади. Ушбу ташкилотга ўтган йили ва бир йил олдин мазкур маблағларни инвестиция қилишдан олинган даромаднинг бир қисмини ўзи учун сақлашга рухсат берилган.

Қайд этилишича, ушбу схема бўйича 2024 йил 15 февралгача олинган пуллар Россия ва бошқа давлатлардан жорий ҳамда потенциал даъволарни тўлаш имконини берувчи буфер вазифасини бажаради.

Депозитарий вакиллари нашрга 2022 ва 2023 йиллар учун музлатилган Россия активларидан олинган даромадлар «оддий» даромадлардан ажратилганини маълум қилди. Хусусан, улар акциядорларга тақсимланмайди ва кейинги огоҳлантиришгача сақланади.

Politico маълумотларига кўра, 2024 йилнинг февралига қадар Россия компаниялари Россияда Euroclear ҳисоб-китоб ва клиринг тизимига қарши блокланган маблағларни қайтаришни талаб қилиб, 94 та даъво аризаси берган. Аввалроқ президент матбуот котиби Дмитрий Песков Москва музлатилган активлар мусодара қилиниши ва улардан Украина фойдасига фойдаланилишига жим қараб турмаслигини айтганди.

«Ведомости»нинг қайд этишича, Киев Европа Иттифоқи қароридан норози, деб ёзади Politico. Украина адлия вазири Денис Малюсканинг фикрича, 5 млрд евро Euroclear учун ҳар қандай хавф қаршисида жуда катта «буфер».

Депозитарий раҳбарияти аввалроқ жамғарма Украинадаги уруш натижасида 34 млн еврога яқин зарар кўрганини даъво қилган эди. Айни пайтда Euroclear жами 192 миллиард евролик Россия давлат активларига эга.

Мавзуга алоқадор