Нью-Йорк университетининг Ғазодаги қатлиомга қарши намойишда иштирок этган 120 талабасининг ҳибсга олиниши бутун мамлакат бўйлаб талабаларнинг янги намойишларига сабабчи бўлди. Айни пайтда АҚШнинг етакчи университет ва коллежларида талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватлаш ва Исроилга ҳарбий ёрдамга қарши оммавий норозиликлари тобора кескинлашиб бормоқда. Йель, Техас, Колумбия, Ҳарвард, Миннесота, Берклидаги Калифорния, Браун, Питтсбург, Нью-Йоркдаги Рочестер, Тафтс, Мичиган, Мэриленд, Жанубий Калифорния, Огайо университетлари, Массачусет технологиялар институти, Гумбольддаги Калифорния политехника институти, Массачусетсдаги Эмерсон, Пенсильваниядаги Свартмор коллежлари ўқувчи-талабалари норозилик намойишига чиққан.

АҚШдаги намойишлар полиция ва хавфсизлик кучлари томонидан қаттиққўллик билан бостирилмоқда, кўплаб талабалар ҳибсга олинган ва ўқишдан ҳайдалган.

Остиндаги Техас университетида намойишлар вақтида энг камида 34 киши, Жанубий Калифорния университетида камида 50 киши полиция томонидан қўлга олинди. Техас штати полицияси намойишларни ҳаққоний равишда ёритишга ҳаракат қилган FOX 7 телеканалининг Карлос исмли мухбирини ҳам шафқатсиз кўринишда ҳибсга олди.

Қайд этилишича, норозилик намойиши Техас губернатори Грег Эбботт ва университет маъмурияти илтимосига кўра тарқатилган.

Аввалроқ Техас губернатори Фаластин тарафдорлари норозилик намойишларининг барча иштирокчиларини қамоққа ташлаш билан таҳдид қилган эди.

“Бу намойишчиларнинг жойи - қамоқхона. Техасда антисемитизмга йўл қўйилмайди”, - деб ёзган губернатор Х ижтимоий тармоқда унинг сўзларига кўра, антисемитизм намойишларида қатнашаётган талабалар университетлардан ҳайдалиши керак.

АҚШдаги талабаларни қўллаб-қувватлаб, шунингдек, Ғазо халқи билан бирдамлик билдириб Истанбул университети, Париждаги Sciences Po университети талабалари ҳам намойишга чиқди. Париж полицияси талабаларни қаттиққўллик билан тарқатмоқда. Уларнинг бир қанчаси ҳибсга олинган.

Сарбонна университетида эса Франция президенти Эммануэл Макрон нутқ сўзлаётган вақтда олийгоҳ биноси яқинида Фаластин тарафдорлари намойиши бўлиб ўтди.

Google

Google компанияси эса Исроилнинг Nimbus лойиҳасидаги иштирокига қарши норозилик намойишларидан сўнг 50 дан ортиқ ходимини ишдан бўшатди.

"Корпорация норозиликни бостиришга, ходимларнинг овозини ўчиришга ва улар устидан назоратни тиклашга ҳаракат қилмоқда", деди No Tech for Apartheid ҳаракати матбуот котиби Жейн Чан The Washington Post газетасига.

Nimbus лойиҳаси булутли технологиялар ва машиналарни ўргатиш тизимларини ўз ичига олиб, маълумотларни йиғиш, сақлаш, таҳлил қилиш, улардан мақсад ва аломатларни аниқлаш, салоҳиятли маълумот ва мақсадларни башорат қилиш каби вазифаларни бажаради. Тизим Исроил ва унинг ҳарбийлари томонидан тақдим этилган барча маълумотлар манбаларини, жумладан маълумотлар базалари, ресурслар, ҳатто кўча камералари ва дрон камералари каби жонли кузатув манбаларини тўплаши мумкин.

Мавзуга алоқадор