Исроил армияси ишғол остидаги Ғазо секторида яна тўрт нафар аскар ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu Исроил томонига таяниб хабар бермоқда.

“Ғазо секторидаги тўқнашувлар чоғида захирадаги уч нафар ҳарбий хизматчи: 35 ёшли Гидеон Илани, 36 ёшли Итаи Берри ва 42 ёшли Авитар Коэн ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига маълум қилинди”, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 34 ёшли исроиллик аскар Гал Бехир хизмат вақтида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди, дея таъкидлади армия матбуот хизмати бошқа тафсилотларни келтирмасдан.

Шу тариқа, 7 октябрдан бери Фаластин анклавида ҳалок бўлгани расман тан олинган исроиллик ҳарбийлар сони 430 нафарга етди. Айни вақтда Ғазода қуруқликдаги операция бошланганидан кейин Исроил қуролли кучларининг 102 нафар вакили ҳалок бўлди.

Аввалроқ Исроилнинг Ғазога ҳужумлари оқибатида 17 997 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани, 49 229 нафари эса жароҳатлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Қуддусда 7 октябрдан бери Исроил кучлари ва яҳудий кўчманчилар томонидан уюштирилган ҳужумларда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 274 нафарга етди.

Мавзуга алоқадор