Исроилнинг Yedioth Ahronoth газетасига кўра, музокаралар Моссад (Исроил разведкаси) директори Давид Барнеа бошчилигидаги Исроил делегацияси Доҳага келганидан кейин бошланган.

Барнеа бугун эрталаб Исроилга қайтади, Моссад, Ҳарбий разведка агентлиги (AMAN) ва Ички хавфсизлик агентлиги Шин Бет (Шабак) вакилларидан иборат юқори даражадаги Исроил ишчи гуруҳи Қатарда бир неча кун қолади.

Исмини ошкор этмаган исроиллик мулозимнинг айтишича, музокаралар бошланган ва узоқ, қийин, мураккаб ва катта сабр-тоқат талаб қилади.

Исроилнинг Channel-12 хусусий телеканали музокаралар Доҳадаги хусусий меҳмонхона мажмуасида бўлиб ўтаётганини маълум қилди.

ҲАМАС ва Исроил вакиллари ораси йўлак билан ажратилган бўлиб, улар ўртасида тўғридан-тўғри учрашув бўлмайди, Қатар ва Мисрдан келган воситачилар хонама-хонага кўчиб ўтади, дея хабар қилди телеканал.

Исмини ошкор этмаган исроиллик мулозимнинг айтишича, музокаралар тахминан икки ҳафта давом этиши мумкин. Расмийнинг аниқлик киритишича, қарор Қатардаги ҲАМАС вакиллари эмас, балки Ғазо секторидаги ҳаракат раҳбари Яҳё Синвар томонидан қабул қилинади, шунинг учун илгари сурилиши керак бўлган ҳар қандай масала 24-36 соат ичида жавоб келгунига қадар давом этади.

Haaretz нашрининг ёзишича, Исроил делегацияси таркибидан Исроил Бош хавфсизлик хизмати (Шин Бет ёки Шабак) раҳбари Ронен Бар ва Исроил армиясидаги ўғирлаб кетилган ва бедарак йўқолганлар ишига масъул Нитзан Алон ўрин олган.

Нашр аввалроқ Исроил Ғазо секторида ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар билан ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича воситачиларсиз тўғридан-тўғри музокара олиб бориши ҳақида хабар берган эди.

ҲАМАС ҳам 14 март куни Қатар ва Миср орқали Тел-Авивга ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш таклифини етказганини эълон қилди.

Исроил ҳукумати раҳбари маъмурияти ҲАМАСнинг талабларини «мантиқсиз» деб атади.

Мавзуга алоқадор