Исроил армияси арсеналида оқ фосфорли тутун бомбалари бор. Бу ҳақда TRT Исроил армияси радиоси орқали тарқатилган хабарга таяниб маълум қилди.

Баёнот АҚШ маъмурияти Ливан жанубидаги тўқнашувларда бундай ўқ-дорилар қўлланилишидан хавотир билдирганидан сўнг янгради.

“Бизнинг ихтиёримизда оқ фосфорни ўз ичига олган тутун бомбалари бор. Улар ҳужум ёки ёнғин ўчириш учун эмас, балки камуфляж (пана қилиш) мақсадларида мўлжалланган”, — дея Исроил армиясининг сўзларидан иқтибос келтирган Anadolu агентлиги.

Баёнотда таъкидланишича, Ғарб давлатларининг кўплаб армияларида ҳам шундай тутунли бомбалар мавжуд ва улар гўёки халқаро ҳуқуқ томонидан рухсат этилган. Таъкидланишича, улар қонуний равишда ёндирувчи қурол сифатида белгиланмаган.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик ҳам Исроил армиясининг, айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда оқ фосфордан фойдаланишидан жиддий хавотир билдирди.

Фаластиннинг Ал-Ақса телеканали 8 декабрь куни Исроил кўп тинч аҳоли истиқомат қиладиган Жабалия қочқинлар лагеридаги мактабга уюштирган ҳужумда “фосфорли тутунли бомба”лардан фойдалангани ҳақида хабар берган эди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Amnesty International ва Human Rights Watch (HRW) ҳам Исроил Ғазо сектори ҳамда Ливандаги ҳарбий амалиётларда оқ фосфор ишлатганини таъкидлади. Ҳуқуқ ҳимоячилари далил сифатида Anadolu видеоёзувини келтиришди.

Шунингдек, уруш зоналарини мониторинг қилувчи ACLED гуруҳи маълумотларига кўра, Исроил сўнгги икки ой ичида Ливан билан чегара ҳудудларида 60 мартадан ортиқ оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланган. Ливан бош вазири Нажиб Микати 2 декабрь куни Исроилнинг ўқ-дорилардан фойдаланиши “тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган ва 5 миллион квадрат метрдан ортиқ ўрмон ва қишлоқ хўжалиги ерларига тузатиб бўлмайдиган зарар етказган, минглаб зайтун дарахтларига зарар етказганини” айтди.

Маълумот учун, халқаро гуманитар ҳуқуқ томонидан тақиқланган фосфор бомбаси оқ фосфор деб аталадиган кимёвий моддани ўз ичига олган портловчи қуролдир. Оқ фосфор зарралари бомба портлагандан сўнг тарқалиб, тез ёнишни бошлайди. Фосфор бомбасининг буғлари инсон танасига бир марта кириб, асфиксия (кислород етишмаслиги натижасида бўғилиш)га олиб келади.

Мавзуга алоқадор