Йиллик ҳисобот 28 май куни Amnesty International ташкилоти сайтида чоп этилган. Хабар қилинган қатлларнинг ўсишига биринчи навбатда Эрон сабаб бўлди. Бу ерда ўтган йили камида 853 киши қатл қилинган, 2022 йилда эса – 576 киши. 2015 йилдан бери қайд этилган энг кўп қатллар сони – 1634 тани ташкил қилади (2016 йилда)

Ўлим жазосини ижро этишда асосан бошни кесиш, осиш, ўлимга олиб келадиган укол қилиш ва отиш усулларидан фойдаланган. 

Қатл этилганлар орасида 24 нафар аёл ва беш нафар бола бор. Амалиёт номутаносиб равишда балуж этник озчилигига таъсир кўрсатди, улар хабар қилинган қатлларнинг 20 фоизини ташкил қилади. Гарчи уларнинг ўзлари Эрон аҳолисининг атиги 5 фоизини ташкил қилса ҳам. Ҳисоботга кўра, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қатллар сони 2022 йилдаги 255 тадан 88 фоизга ошиб, 481 тага етган.

Таъкидлаш жоизки, Эрон Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Бу рақамлар, мамлакатда қатл қилинганлар статистикаси давлат сири бўлгани сабабли минглаб қатл этилганларни ўз ичига олмайди. Amnesty International ташкилоти Шимолий Корея ва Вьетнам ҳақида ҳам маълумот бера олмади, улар ҳам кам эълон қилинган қатлларни амалга оширмоқда.

Энг кўп қатл этилган давлатлар бешлигига Саудия Арабистони (172), Сомали (38) ва АҚШ (24) ҳам кирди. Саудия Арабистони бошини кесиш билан машҳур. 2022 йилда қироллик бир кунда 81 кишини қатл қилган.

Сомалида қатл этилганлар сони ўсди: 2022 йилдаги 6 тадан 38 тага. Қўшма Штатларда ўтган 2022 йилга нисбатан қатл этилганлар сони 18 тадан 24 тага кўпайди.

Африка мамлакатларида ўлимга ҳукм қилинганлар ва қатл этилганлар сони кескин ошди. Минтақада қайд этилган қатллар сони 2022 йилдаги 11 тадан 2023 йилда 38 тага, ўлим жазолари сони эса кескин 66 фоизга, 2022 йилдаги 298 тадан 2023 йилда 494 тага ошган.

Бундан ташқари, минтақадаги ҳеч бир давлат 2023 йилда ўлим жазосини бекор қилмаган. Шу билан бирга, Кения, Либерия ва Зимбабведа уни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари кутилмоқда. Ганада парламент ўлим жазосини амалдаги қонунчиликдан олиб ташлайдиган қонун лойиҳаларини ёқлаб овоз берди. 2023 йилда Жанубий Судан, Беларус, Япония ва Мьянма ҳукмларни ижро этмаган.

Жами 112 мамлакат барча жиноятлар учун ўлим жазосини бекор қилган, яна тўққизтаси умумий жиноятлар учун уни бекор қилган ва яна 23 таси ўн йил давомида ҳеч кимни қатл қилмагани учун де-факто аболисионистлар ҳисобланади.

Мавзуга алоқадор