исроил*да содир бўлган ёнғин сабаб Нетаняхуга танқидлар кучайди
исроил* Миллий жамғармаси берган расмий маълумотга кўра, кеча бошланган кучли ёнғин натижасида мамлакатда 2 000 гектарга яқин очиқ ерлар, яъни тахминан 2 800 та футбол майдонига тенг ҳудуд ёниб кетди. Шундан 1 300 гектардан ортиғи ўрмонзорлар бўлган.
Ёнғин ҳозирда назорат остига олинган бўлса-да, унинг кўлами сионистлар учун ниҳоятда жиддий оқибатларни юзага келтирди. TRT нашрининг ёзишича, расмийлар бу ёнғинни мамлакат тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғини сифатида эътироф этган.
Бунинг ортидан Бош вазир Бинямин Нетаняху ва унинг ҳукумати танқидлар остида қолди. Сиёсий мухолифлар ҳамда фуқаролар ҳукуматни бундай фавқулодда вазиятларга тайёр бўлмаганликда айбламоқда.
Қолаверса, илгари ҳам шунга ўхшаш ёнғинлар юз берган бўлса-да, ўша пайтларда расмийлар замонавий ёнғинга қарши техникалар, жумладан, ҳаво орқали ўт ўчириш воситаларини харид қилишни ваъда қилган эди. Бироқ танқидчиларнинг таъкидлашича, бу ваъдалар ҳали-ҳануз бажарилмаган.