Қозоғистонда урушга чорловчи варақалар тарқатилдими?
Қозоғистонда Россия бошлаган урушга қатнашишга чорловчи варақалар бўйича текширув ўтказилмоқда.
“Tengrinews” нашрининг ёзишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда урушда қатнашишга даъват қилувчи варақаларнинг суратлари тарқатилмоқда. Ушбу буклетларда Россия Мудофаа вазирлиги ва унинг алоқа маълумотлари кўрсатилган.
Маълум қилинишича, варақалар Қозоғистон шаҳарларида – Остона, Олмата ва Атираудаги кўчаларда тарқатилган.
Миллий хавфсизлик қўмитасининг хабар беришича, интернетда ушбу варақаларнинг жойлаштирилиши бўйича текширув олиб борилмоқда. Мамлакат ИИВ эса бу ҳақдаги маълумотларни рад этган.
2022 йилдан бери Қозоғистонда фуқароларнинг хориждаги урушларда иштироки бўйича 97 та жиноят иши қўзғатилган. Бештаси 170-модда, 92 таси эса 172-моддага биноан. Яъни, камида 97 нафар қозоғистонлик хорижда ҳарбий можароларда иштирок этган.