АҚШда минглаб хорижий талабалар визаси бекор қилинди
Оқ уй маъмурияти томонидан сўнги бир ой ичида мингдан ортиқ хорижий талабалар визаси ва ҳуқуқий мақоми бекор қилинди. Associated Press’нинг маълум қилишича, бу ҳолатдан энг кўп Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари зарар кўрди.
Талабаларга визаларининг бекор қилингани ҳақида электрон почта орқали хабар берилган. Депортация хавфи остида қолган кўплаб талабалар бекор қилиш сабабларига оид расмий изоҳ олмаган.
Манбага кўра, виза бекор қилинишининг асосий сабаби — талабалар ва бошқа хорижий фуқароларнинг Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларда иштирок этгани билан боғлиқ.
Шу сабабли кўплаб талабалар Трамп маъмуриятини судга берди. Баъзи федерал судялар, хусусан, Дартмут университети ва Монтана штати университети талабаларининг ҳуқуқий мақомини вақтинча тиклаш ҳақида қарор чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, январ ойида Президент Трамп “Антисемитизмга қарши кураш тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Унда Фаластинни қўллаб-қувватловчи хорижликларнинг визалари бекор қилиниши кўзда тутилган.