АҚШ Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни яна оширди
Оқ уй вакилининг CNBC телеканалига берган маълумотига кўра, АҚШ томонидан Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга жорий қилинган бож ставкалари ҳозирда 145 фоизни ташкил этмоқда.
Маълумотда айтилишича, Президент Доналд Трамп Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни 84 фоиздан 125 фоизгача оширган. Бироқ, бунга қадар ҳам президент фентанил муаммоси сабабли Хитой маҳсулотларига 20 фоизлик қўшимча бож жорий қилган эди. Натижада Хитойдан олиб кирилаётган товарларга нисбатан умумий бож ставкаси 145 фоизга етди.
Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати бунгача АҚШдан импорт қилинадиган барча товарларга божларни 84 фоизгача оширган эди. Хинҳуа агентлиги бу чора АҚШнинг Хитой маҳсулотларига тарифларни 104 фоизгача ошириш қарорига жавобан қабул қилинганлигини маълум қилди.
Шунингдек, Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Божхона тариф комиссияси АҚШнинг яна 12 компаниясига экспорт назоратини жорий этиб, олти компанияни “ишончсиз субъектлар” рўйхатига қўшган.
Манбанинг хабар беришича, Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШни бир томонлама божларни бекор қилишга ва келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат асосида ҳал этишга чақирган.