06.02.2025 17:00

Гулнора Каримованинг 182 млн долларлик активлари Ўзбекистонга қайтарилади

Ўзбекистон Швейцария билан Гулнора Каримовага тегишли мусодара қилинган активларни қайтариш бўйича янги келишув имзолади. Бу келишув асосида 182 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади.

Келишувни Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский имзолади. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ушбу маблағлар Гулнора Каримовага қарши 2012 йилда қўзғатилган жиноий иш доирасида мусодара қилинган.

Қайтарилган маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик траст жамғармаси орқали йўналтирилади. Бу маблағлар Ўзбекистон аҳолиси манфаатига ижтимоий лойиҳалар, жумладан:
  • Соғлиқни сақлаш
  • Таълим
  •  Оналик ва болалар саломатлигини яхшилаш учун ишлатилади.

Бунга мисол қилиб, 2023 йил сентябрь ойида жамғарма 43,5 млн долларни она ва болалар ўлим даражасини камайтиришга қаратилган БМТ дастурига ажратган.

2022 йилда Ўзбекистон ва Швейцария 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Янги келишув билан бу сумма 313 миллион долларга етди.

Гулнора Каримова ва унинг жиноий гуруҳига алоқадор Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа давлатлардаги активларининг умумий миқдори 1,4 миллиард доллар (тахминан 15 триллион сўм) деб баҳоланмоқда.

Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов бу маблағ эвазига 1400 та мактаб қуриш мумкинлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2015 йилда 5 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. У 2019 йилда колонияга ўтказилган. Кейинроқ, Г.Каримова 2020 йилда  “давлат маблағларини ўзлаштириш, Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш ва товламачилик” каби жиноятларда айбланиб, 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.