06.02.2025 14:38
Иордания Фаластин халқини кўчиришга рози бўлмайди - Қироллик
Иордания қироли Абдуллоҳ II пойтахт Аммандаги Ал-Ҳусайния саройида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди.
Қироллик баёнотига кўра, учрашувда Абдуллоҳ II 1967 йилги чегаралар ичида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этиш муҳимлигини таъкидлади.
"Иордания фаластинлик биродарларимизни қонуний ҳуқуқларига эришиш йўлида тўлиқ қўллаб-қувватлайди", – деди Иордания қироли.
Абдуллоҳ II Фаластин ерларининг аннекция қилинишига қарши чиқди ва фаластинликларни Ғазо ва Ғарбий Соҳилдан мажбуран кўчиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни рад этди.
У, шунингдек, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш зарурлигини ва инсонпарварлик ёрдамини ошириш учун халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтириш кераклигини таъкидлади.