Зеленский: Украина армияси 45 мингдан ортиқ аскарини йўқотди
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, 2022 йилда Россия босқини бошланганидан буён Украина Қуролли Кучлари 45 100 аскарини йўқотган. Унинг сўзларига кўра, шу давр ичида 390 минг ҳарбий жароҳатланган. Бу ҳақда Зеленский британ журналисти Пирс Морганга берган интервьюсида маълум қилди.
Уруш шароитида ушбу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ёки рад этиш қийин. Украина ва Россия одатда рақиб йўқотишлари ҳақида баёнотлар берса-да, ўз йўқотишлари ҳақида расмий рақамларни камдан-кам ҳолларда эълон қилади.
Охирги марта Украинада 2023 йилда оралиқ ҳисобот эълон қилинган бўлиб, унга кўра 43 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлган, 370 минг киши эса яраланган.
Ҳарбий таҳлилчилар ҳар икки тараф ўз йўқотишларини камайтириб, рақибникини эса ошириб кўрсатишини таъкидлайдилар. Россия ўз йўқотишлари ҳақида расмий равишда 2022 йил сентябрида маълумот берган бўлиб, ўшанда бу рақам 5 973 кишини ташкил этган.
Ғарб разведка хизматлари эса Украина армияси йўқотишларини 100 мингга яқин деб баҳоламоқда, Россия томонидаги йўқотишлар эса тахминан икки баравар кўпроқ бўлиши мумкин.