27.12.2024 09:25

100 нафар фаластинлик Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинди

100 нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар уларнинг ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга эвакувация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев хабар берди.

Ушбу эвакувация амалиёти икки давлатнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилди, дейилади хабарда.

Қиличевнинг таъкидлашича, эвакувация қилинган фаластинликлар юртларига қайтгунларича Ўзбекистонда қолади. Ушбу бемор фаластинликлар даволаниш ва соғлиқларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади, дея қўшимча қилди Қиличев.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати уларга мамлакатда бўлиш даврида оиласининг барча эҳтиёжлари, жумладан, меҳмонхоналар, мактаблар, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар билан таъминлайди.

Элчининг айтишича, Ўзбекистон президенти 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Фаластин масаласига бағишланган фавқулодда араб-ислом саммити олдидан сўзлаган нутқида Фаластин ҳудудларида ҳарбий операцияларни тўхтатиш ва хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, Тошкент жароҳатланган фаластинлик болалар ва аёлларни даволаш учун қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.