12.10.2024 18:00
1483

Даҳшатли ҳисобот: йирик компаниялар Фаластиндаги геноцидни қўллаяпти

Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилоти йирик онлайн платформалар ва технология гигантларининг фаластинликларга нисбатан геноцидда фаол иштирок этаётганини фош қилди. Дунё Ғазодаги даҳшатларни жимгина кузатаётган бир пайтда, бу рақамли ҳамкорлар мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталишини бажонидил қўлламоқда. Ҳисоботда таъкидланишича, Мета, Х, YouTube ва технология гигантлари Google ҳамда Amazon каби платформалар ушбу қирғиндан фойда олиш баробарида амалда рақамли булут пардаси остида уруш жиноятларини хаспўшламоқда.

Топилмалар нейтраллик ниқоби остида йирик технология компаниялари цензура, дезинформация ва зўравонликка ундашнинг фаол иштирокчисига айланганининг даҳшатли далили ҳисобланади. Улар Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи муҳим инфратузилмани тақдим этиб, ўз платформаларини қуролга айлантиришга имкон бердилар. Шунингдек, фаластинликларнинг овозини ўчириб, халқаро ҳамжамиятда сионистларга нисбатан хайрихоҳликни вужудга келтириш устида ишлаяпти. Бу платформаларнинг ҳамкорлиги шунчаки эътиборсизлик эмас, балки фойдани инсон ҳуқуқларидан устун қўядиган онгли қарор қабул қилиш, десак тўғри бўлади.

Фаластинликларнинг овозини ўчириш тизими

2023 йил октябрдан 2024 йил июлгача Meta, Instagram, Х ва TikTok каби йирик платформаларда 1350 дан ортиқ цензура ҳолатлари қайд этилди. Бу платформалар номутаносиб равишда фаластинлик журналистлар, фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини нишонга олди – айниқса ушбу жараёнда Мета компанияси етакчи қоидабузар бўлди. Цензура турли шаклларда амалга оширилди: ҳисоблар тўхтатилди, контентни ўчириб ташлаш одатий ҳолга айланди ва Фаластинни ёқловчи фикрларни тарқатиш жиддий чекланди.

Ушбу цензурада Мета манипулятив алгоритмининг ўзгариши бирламчи роль ўйнади. Ҳисоботда айтилишича, Исроилнинг Ғазодаги агрессияси чоғида Мета Фаластин контентини тақиқлаш чегарасини пасайтириш, фильтрларининг аниқлигини камайтириш ва кераксиз олиб ташлашларни бошлаш учун контентни модерация қилиш сиёсатини ўзгартирди. Фаластин контенти учун қоидабузарликларга қарши Мета фильтрлари бор-йўғи 25 фоиз аниқликда ишлади. “Вақтинчалик хавфларга жавоб чоралари” деб аталадиган бу чоралар ҳеч қачон бекор қилинмади, бу эса фаластинлик контент яратувчиларни ҳаддан ташқари текширишга олиб келди. Бу алоҳида ҳодиса эмас – бу маргинал овозларни пасайтирадиган ва энг зарур бўлган пайтда ахборотнинг эркин оқимига тўсқинлик қиладиган ҳисоб-китобли, камситувчи сиёсатдир.

7amleh – Ижтимоий тармоқларни ривожлантириш бўйича араб марказининг ҳисоботида келтирилишича, Мета’нинг сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича бажарилмаган ваъдалари, шунингдек, нохолис контент модерацияси фаластинликлар учун вазиятни янада оғирлаштиряпти. Human Rights Watch аллақачон Мета компаниясининг уруш пайтида сионистлар фойдасига ишлагани, Facebook ва Instagram’даги 1050 дан ортиқ контент олиб ташлангани учун қоралаган эди. Деярли барча ҳолатларда ушбу цензура мазлумлар ёки Фаластин тарафдори бўлган контентларга қарши қўлланилиб, зўравон, мусулмонларга нисбатан душманчилик кайфиятидаги контентларга чекловсиз ривожланиш имконини берди. “Фаластинни озод қилинг”, “Геноцидни тўхтатинг” ва “Ўт очишни тўхтатинг” каби фикрлар Meta’нинг “спам” қоидаларига мувофиқ олиб ташланди. Бундай адолатсизлик жуда хавфли, қонуний сиёсий нутқни бўғувчи икки томонлама стандартни акс эттиради.

Платформалар геноцид воситаси сифатида

Ҳисоботда онлайн платформалар шунчаки бетараф форумлар эмас, балки геноцидга ундаш воситасига айлангани аниқ кўрсатилган. 2023 йил октябрдан 2024 йил июлгача зарарли контент, жумладан, қирғинга ундаш каби 3300 дан ортиқ ҳолат ҳужжатлаштирилган, уларнинг аксарияти Х ва Facebook'да мавжуд эди.

Бу платформалар юқори даражадаги исроиллик амалдорлар ва бошқа фойдаланувчиларга фаластинликларни йўқ қилишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, уларни "чала-одамлар", "ҳайвонлар" ва ундан ҳам ёмони ғайриинсонийлаштириш имконини берди. Бу геноцид риторикаси интернетнинг ноаниқ бурчаклари билан чекланиб қолмади. У жамият стандартлари ва инсон ҳуқуқларига содиқлигини даъво қилаётган платформалар томонидан тарғиб қилинди, кучайтирилди ва эътирозсиз қолдирилди.

Мисол учун, 2023 йил декабрь ойида Қуддус мэри ўринбосари Х’да оммалашган постида кўзи боғланган фаластинлик маҳбусларни “чумолилар” деб таърифлаган ва уларни тириклайин кўмишга чақирган. Бу пост охир-оқибат олиб ташланган бўлса-да, унга ўхшаш сон-саноқсиз бошқа постлар сақланиб қолмоқда.

Бу платформалар нафақат сўз эркинлигини ҳимоя қилиш вазифасини бажармаяпти, балки геноцид тарғиботининг тарқалишига фаол кўмаклашмоқда.

2023 йилнинг октябридан ноябригача Исроил ҳукумати Мета’дан 9500 дан ортиқ контентни олиб ташлаш бўйича сўров жўнатган ва буларнинг 94 фоизи бажарилгани ҳайратланарли. Уруш жиноятларини фаол содир этаётган давлат билан ош-қатиқлик ушбу компанияларнинг ахлоқий чегаралари хусусида жиддий ташвиш уйғотади. Мета’нинг бундай талабларни шаффофлик ва жавобгарликсиз бажаришга қарор қилиши янада чуқурроқ муаммони очиб беради: демак, пули тўлаб қўйилса, бу платформалар зулм қуролларига айланишга тайёр экан.

“Нимбус” лойиҳаси ва қотилликнинг автоматлаштирилиши

Google ва Аmazon компанияларининг Исроил армияси билан “Нимбус” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлиги ушбу урушда технология саноати бегуноҳ гўдаклар ва аёлларнинг қонини тўкишга хизмат қилганини англатади. Ҳисоботда таъкидланишича, 1,2 миллиард долларлик булутли ҳисоблаш шартномаси Исроилнинг сунъий интеллектга асосланган “Лавендер” ва “Госпел” нишонга олиш тизимларини қувватлантириш учун муҳим инфратузилмани таъминлайди – бу тизимлар эса тинч аҳолининг оммавий қатлида иштирок этади.

Айниқса, “Лавендер” тизими автоматлаштирилган қотил сифатида ишлайди: катта ҳажмдаги маълумотлар асосида нишонларни аниқлаб, уларни Исроил армиясининг бомбардимон кампанияларига юборади. Жумладан, биргина “Лавендер” тизимининг ўзи 37 мингдан ортиқ потенциал нишонларни аниқлаган ва минглаб тинч аҳоли – аёллар ва болаларнинг ўлимига сабаб бўлган. Ушбу оммавий нишонга олишни осонлаштириш учун булут хизматларини тақдим этиш орқали Google ва Аmazon мусулмонларнинг қатлиомида бевосита иштирок этяпти. Ғазода тинч аҳоли қурбонлари сони ошиб бораётган бир пайтда, иккала компания ҳам Исроилнинг “Нимбус” лойиҳаси доирасидаги ҳарбий операцияларда қатнашяпти.

Нафрат тили ва дезинформация

Ҳисоботда кўпинча Исроил расмий шахслари бошчилигида ва онлайн платформалар томонидан кучайтириладиган нафратли нутқ ва дезинформациялар тўфони ҳужжатлаштирилган. Telegram, Х ва YouTube’да ғайриинсоний контентни тизимли равишда тарқатишни ўз ичига олган кампаниялар Ғазо ҳудудида ҳам, бутун дунё бўйлаб тарқалган фаластинликларга ҳам қаратилган. Ҳисоботда фақатгина Х платформасининг ўзида фаластинликларга қарши иброний тилида уч миллионта зўравонлик мазмунидаги пост қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти Исроил ҳукумати томонидан мувофиқлаштирилиб тарқатилган.

Эҳтимол, энг ташвишли ҳолат Исроил ҳукуматининг STOIC номли таъсир операциясидир. Бу операция АҚШ ва Канада қонун чиқарувчиларини нишонга олиб, Яқин Шарқдаги Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатувчи БМТ агентлиги (UNRWА) фаолиятини обрўсизлантириш учун сунъий интеллект ёрдамида ёлғон хабарлар тарқатади. Ушбу кампания сохта маълумотлар орқали UNRWA’нинг молиялаштирилишини тўхтатишга ва фаластинликларга кўрсатилаётган муҳим инсонпарварлик ёрдамини узиб қўйишга олиб келди. Бу шунчаки модерация муаммоси эмас, балки ушбу платформалар босқинчиларнинг мусулмонларга қарши қуролига айлантирилиши мисолидир.

Геноциддан фойда олиш: уруш жиноятлари фонидаги реклама

Текширув натижаларига кўра, Facebook фаластинпарвар фаолларни ўлдиришга ва фаластинликларни Ғарбий Соҳилдан мажбурий кўчиришга чақирувчи рекламаларни жойлаштирган. Мета бу кампаниялардан фойда олган ва шу тариқа Ғазода содир этилаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларида шериклик қилган.

Шу билан бирга, YouTube Исроил ҳукуматининг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун жамоатчилик фикрини ўзгартиришга қаратилган график тасвирли рекламаларни намойиш этди. YouTube'нинг зўравонлик мазмунига қарши сиёсатига қарамасдан, бу рекламалар ижтимоий тармоқларда, айниқса, Европа ва АҚШда кенг тарқалиб, терроризм билан курашиш ниқоби остида уруш жиноятларини одатий ҳолатга айлантиришга хизмат қилди.

Жиноятларга жавоб бериш вақти келмадими?

Ушбу ҳисобот натижалари халқаро ҳамжамиятни ҳақиқат ва адолат томонида туришга ундаши лозим. Эндиликда йирик технологик компанияларнинг тинч аҳоли қирғинига кўмак бериши, ноаниқ сиёсати ва сўз эркинлигини бўғишига йўл қўйиб бўлмайди. Мета, Х, YouTube, Google ва Аmazon каби компанияларнинг бу ваҳшийликларга шериклиги эътиборга олиниши ва улар жавобгарликка тортилиши шарт. Бу платформалар ҳақиқатнинг холис ҳакамлари эмас, балки фойда кўзловчи корпорациялардир. Улар геноцид режимларига мослашишга тайёр ва агар бу уларга фойда келтирса, миллионлаб одамларнинг азоб-уқубатларига кўз юмади. Ҳисоботда таъкидланганидек, бутун дунё бу компаниялардан фаластинликлар ўлимидан фойда олишни тўхтатишни талаб қилиши вақти келди.

Зиёд Мотала, Говард университети ҳуқуқ мактаби профессори



© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.