03.10.2024 16:37
1192

Ғазо бўйича алоқа гуруҳи ёхуд мусулмонларнинг куни иккиюзламачи раҳбарларга қолдими?

Исроилнинг Ғазога қарши геноцид уруши бошланганидан бир ой ўтгач, Саудия Арабистони Қироллиги Араб Давлатлари Лигаси (АДЛ) ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)нинг фавқулодда қўшма саммитини чақирди. Йиғилишдан кўзланган мақсад Исроил босқинини тўхтатиш ва фаластинликларни қўллаб-қувватлашдан иборат эди.

Ар-Риёдда тўпланган жами 57 та давлат етакчилари бир кунлик музокаралардан сўнг, амалга ошириш механизмига эга бўлмаган, анча узун, анъанавий услубда ёзилган қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, Саудия, Иордания, Миср, Қатар, Туркия, Индонезия, Нигерия ва Фаластин ташқи ишлар вазирлари АДЛ ва ИҲТ бош котиблари билан биргаликда урушни тўхтатиш учун халқаро ҳаракатлар ташаббусини ишлаб чиқадиган бўлди. Бу гуруҳ – Ғазо бўйича алоқа гуруҳи деб ном олди. Деярли бир йил ўтди – Исроил 42 мингга яқин фаластинликни ўлдирди, 95 мингдан ортиқ кишини яралади. Ғазо секторининг бутун аҳолиси, яъни 2,3 миллион киши очлик, саргардонлик ва ўлим хавфи қаршисида қолди. Ҳудуднинг муттасил бомбардимон қилиниши оқибатида сектордаги биноларнинг 80 фоизидан ортиғи вайрон бўлди. Уруш ҳамон давом этяпти ва ўлдирилган фаластинликлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Устига устак, АҚШ ҳомийлигидаги Исроилнинг бузғунчилик ҳаракатлари бутун минтақага, жумладан Ливанга ҳам ёйилди. 23 сентябрь куни Исроил қирувчи самолётларининг шиддатли бомбардимони оқибатида қарийб 500 нафар ливанлик ҳаётдан кўз юмди.

Афсуски шу давр мобайнида Алоқа гуруҳи ўз ҳукуматларининг урушни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини амалга ошириш бўйича бирон-бир жиддий чора кўрмади. Исроил Ғазодаги болалар, аёллар ва кексаларни қирғин қилишда давом этар экан, давлат раҳбарлари расмий суратга тушиш, қизғин учрашувлар ва қуруқ гапдан нарига ўтишмади.

13 сентябрь куни Испания ҳукумати томонидан ташкил этилган Мадрид конференциясида иштирок этган етакчилар, айтилавериб сийқаси чиққан, бироқ сионистлар томонидан бутунлай рад этилган “можарони тўхтатишнинг ягона йўли – икки давлат ечими” эканлигини айтиш учунгина йиғилишди. Ушбу учрашув ҳам 2023 йил май ойида Испания Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш бўйича дадил қадам ташлаши ва вайронкор урушга барҳам бериш мақсадида ташкил қилинганди.

Бироқ ИҲТ ва АДЛга аъзо давлатларнинг Фаластин масаласида жамоавий ва индивидуал позицияларини чуқурроқ ўрганиш ҳақидаги қарорлари ташкилотларнинг алоҳида таъсис ҳужжатларида белгиланган тамойилларга нисбатан шармандали ва уятли қарама-қаршилигини бутун дунёга намойиш этди. Уларнинг индивидуал ва гуруҳли позициялари тарғибот мақсадларида оғзаки хизматдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини кўрсатди. Фаластиндаги уруш фонида аксарият мусулмон давлатлари ҳукуматларининг мунофиқона хатти-ҳаракатлари фош бўлиб қолмоқда. Аслида апартеид давлати – Исроил ташкил этилганидан бери ушбу давлатлар раҳбарлари оддий мусулмонларга нисбатан иккиюзламачилик ва ҳурматсизликка асосланган анъанани давом эттириб келишмоқда. ИҲТ ва АДЛга аъзо давлатлар раҳбарлари доимо Фаластинни ҳам диний, ҳам тарихий жиҳатдан қадрлашларини таъкидлаб, амалда бунинг аксини қилишяпти.

Масалан, Ғазо бўйича алоқа гуруҳи орасида фақат Индонезия, Саудия Арабистони ва Қатар Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатмаган. Қолганлари аллақачон апартеид давлати билан яқин алоқада. Миср эса 1979 йилдаёқ Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган эди.

Агар мусулмонларни бошқараётган раҳбарлар Фаластин ва Ғазодаги геноцидни тўхтатишга жиддий киришганларида эди, улар жимжимадор баёнотлардан чекиниб, янада аниқроқ позицияни эгаллашарди. Иккала ташкилот ҳам БМТ аъзоларининг учдан бир қисмини ва 1,8 миллиарддан ортиқ мусулмонларни ўзида жамлайди. Энди бу кучдан самарали фойдаланилса, қандай натижаларга эришиш мумкинлигини тасаввур қилаверинг. Афсуски ташкилотлар ва аъзо давлатлар расмийлари бунинг ўрнига  Ғарбдан Исроилни тўхтатишни сўрамоқда.

Мисол учун, икки ташкилот сўнгги 12 ой давомида бутун дунё бўйлаб Исроилнинг ваҳшийликларидан ғазабланган мусулмонлар билан бирга апартеид давлатини бойкот қилиш бўйича глобал кампанияни бошлаши мумкин эди. Дипломатик жиҳатдан, ИҲТ-АДЛ давлатлари ўз пойтахтларидан Исроил дипломатларини чиқариб юбориши, ушбу мамлакатлардаги Исроил элчихоналарини ёпиши ва Исроил ҳеч бўлмаганда Ғазодаги геноцидни тўхтатмагунича, улар ҳимоя қилаётган икки давлат ечимини қабул қилмагунича сионистлар билан ҳар қандай алоқани тақиқлаши керак эди.

Иқтисодий жиҳатдан иккала гуруҳ биргаликда улкан кучга эга. Бу ташкилотларга дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар ҳам аъзолигини инобатга олсак, аслида улар ўлим машинасини ҳаракатга келтириши учун Исроилга ёқилғи бермаслиги шарт эди.

Афсуски, ИҲТга кирувчи давлатлар ва АДЛ аъзоларининг учдан бир қисми ҳануз Тель-Авив билан иқтисодий алоқаларини сақлаб қолмоқда. Бу эса Ғазодаги геноцидни ва Ливандаги урушни билвосита молиялаштиришга тенгдир. Агар Исроилнинг ғарбий иттифоқчиларини қурол-яроғ етказиб бергани учун айблаш мумкин бўлса, ИҲТ-АДЛ гуруҳлари ҳам уларга тенг шерикдир.

Икки ташкилот аъзолари ва Исроил ўртасидаги йиллик умумий савдо айланмаси миллиардлаб долларни ташкил этади. Миср ва Исроил ўртасидаги савдо ҳажми 2 миллиард доллардан ошиши тахмин қилинмоқда. Бирлашган Араб Амирликларининг яҳудий давлати билан савдоси ҳажми эса 2022 йилдан бери 16 фоизга ўсган. Ваҳоланки, Исроилнинг қолган дунё билан иқтисодий алмашинуви ўтган йили Ғазога қарши уруш бошланганидан бери жами 18 фоизга камайган эди.

Бундан ташқари, ҳукуматлар Фаластинлик қочқинларга ғамхўрлик қилувчи БМТ агентлиги UNRWA’ни Вашингтоннинг қовоғига қарамай, тўлиқ молиялаштиришлари мумкин эди. UNRWA’нинг умумий бюджети 1,6 миллиард долларни ташкил этади, бу ИҲТни ташкил этувчи 57 мамлакат ўртасида тақсимланса, унчалик ҳам катта маблағ эмас.

Минг афсуски бундай бўлмади. Келгусида ҳам Ғазо бўйича алоқа гуруҳи кўплаб учрашувлар ўтказса ажаб эмас. Исроил эса муслималардан тортиб, бегуноҳ гўдакларгача қираверади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.