Уруш тужжорлари ёхуд “бир ўқ билан икки қуённи ураётган” қотиллар
Дунёдаги урушлар вайронагарчилик келтириши, инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда бузилиши ва гуманитар халқаро вазиятни издан чиқариши сир эмас. Шунга қарамай, жаҳонда урушларга бутунлай бошқа тарафдан – манфаат нуқтаи назаридан қарайдиган ўйинчилар ҳам бор.
Уруш тужжорлари учун турфа халқлар тортаётган азоб-уқубатлар қурол сотишдан олинадиган миллиардлаб долларлик фойдага таққослаганда арзимасдир.
Ачинарлиси, халқаро майдонда ўзини инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида кўрсатаётганлар аслида глобал қурол савдосининг фаол иштирокчилари ҳисобланади.
Genf академиясининг маълум қилишича, ҳозирда дунё бўйлаб тахминан юздан ортиқ қуролли тўқнашувлар бўлиб турганини айтади. Ушбу тўқнашувларнинг аксарияти Глобал Жанубда содир бўлмоқда, гарчи уларнинг аксари Ғарб кучлари ёки кўп миллатли корпорациялар томонидан молиялаштирилаётган ёки бошқарилаётган бўлса ҳам.
Академияга кўра, 110 та қуролли тўқнашувдан 45 таси Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида, 35 таси Африканинг қолган қисмида, 21 таси Осиёда ва 6 таси Лотин Америкасида содир бўлмоқда.
Ушбу қуролли тўқнашувларнинг энг даҳшатлиси ҳозирда дунёнинг энг камбағал ва ажратиб қўйилган минтақаларидан бири бўлган Ғазода юз бермоқда.
Исроил ваҳшийликлари оқибатида келиб чиқадиган келажакдаги ўлим ҳолатларини баҳолаш учун дунёнинг энг номдор тиббиёт журналларидан бири бўлган The Lancet “Ғазода ўлганларни ҳисоблаш оғир, аммо зарурий”, деб номланган тадқиқот олиб борди.
Тахминларга кўра, Исроил 19 июнь ҳолатига кўра 37 396 фаластинликни ўлдирган, бунда рақам ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳисобланди.
Агар уруш 19 июнда тугаганида Ғазо аҳолисининг 7,9 фоизи уруш ва унинг оқибатлари туфайли ўлади. Журнал ҳисоб-китобларига кўра, бу “186 000 ёки ундан кўп ўлимни” ташкил қилади.
Фаластинликлар номаълум вирус ёки табиий офат туфайли эмас, балки халқаро норозиликларга қарамай, Исроилга етказилаётган қуроллар билан ўлдирилмоқда.
Жорий йилнинг, 26 январь куни Халқаро жиноят суди Ғазода оммавий қирғин содир этилганини кўрсатувчи етарлича далил борлигини эълон қилди. 20 майда Халқаро жиноят судининг бош прокурори Карим Хон “тинч аҳоли қасддан ўлдирилаётгани”ни айтиб ўтди.
Шунга қарамай, босқинчиларга қурол етказиб бериш тўхтамаяпти. Ажабланарлиси, уларнинг аксарияти ривожланмаган давлатларда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини айтиб таҳдид қиладиган Ғарб ҳукуматлари томонидан етказилмоқда. Қуролларнинг асосий манбалари – Қўшма Штатлар, Германия, Италия ва Буюк Британияда жойлашган.
Баъзи Европа мамлакатлари Исроилга қурол етказиб беришни қисқартиришини ёки ҳатто тўхтатишини эълон қилишига қарамай, тақиқ муддатини кечиктирмоқда. Масалан, Италия “илгари имзоланган буюртмаларга” риоя қилишни талаб қилмоқда ва Буюк Британия “кенгроқ кўриб чиқиш амалга оширилмагунича” қурол экспорт лицензияларини қайта ишлашни тўхтатди.
Бироқ, Вашингтон Тель-Авивга қурол етказувчи асосий ўйинчи бўлиб қолмоқда. 2016 йилда АҚШ Исроилга 38 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам беришни кўзда тутадиган пактни имзолаганди. Икки мамлакат ўртасида имзоланган ушбу учинчи пакт 2018 йилдан 2028 йилгача бўлган даврни қамраб олади.
Бироқ уруш АҚШ сиёсатчиларини асл мажбуриятларидан ҳам четга чиқиб, уруш қурбонлари асосан аёллар ва болалардан иборатлигини билса ҳам Исроилга яна 26 миллиард доллар ажратди.
Иккиюзламачи АҚШ ҳукумати Исроилни Ғазодаги урушни тўхтатишга чақириши баробарида сионистларга янада кўпроқ қурол беришда давом этяпти.
Худди шу мунофиқлик бошқа, ўзларини инсон ҳуқуқлари ва халқаро тинчлик ҳимоячилари сифатида гавдалантирувчи Ғарб мамлакатларига ҳам тегишлидир.
Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача дунёнинг энг йирик ўнта қурол экспортчилари орасида олтита Ғарб мамлакати бор. АҚШнинг ўзи глобал қурол экспортининг 42 фоизини эгаллайди, ундан кейинги ўринни 11 фоиз қурол савдоси билан Франция банд этган.
Энг йирик олтита Ғарб давлатининг умумий қурол экспорти глобал улушнинг 79 фоизига тўғри келади.
Агар биз қуролли тўқнашувларнинг аксарияти Глобал Жанубда содир бўлаётганини ҳисобга олсак, тинчлик, демократия ва халқаро ҳуқуқ ҳимоясини даъво қилган АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари айни дамда уруш, қуролли тўқнашувлар ва геноцидни қўллаб-қувватловчи уюшмага айланган.
Глобал Жануб келажагини ўз қўлига олиш учун бу очиқ адолатсизликка қарши курашмоғи лозим. Давлатлар ўз қитъаларини Ғарб қуроллари учун шунчаки бозор бўлиб қолишига рози бўлмасликлари керак. Араблар, африкаликлар, осиёликлар ва жанубий америкаликларнинг қони Ғарб мамлакатларининг иқтисодиётини сақлаб қолиш учун тўкилмаслиги керак.
Тўғри, глобал можароларни тўхтатиш учун қурол савдосини чеклашнинг ўзигина етарли эмас. Шунга қарамай, Ғазодан Судангача ва Конгодан Мьянмагача бўлган можаро зоналарига қуролларнинг эркин етказилиши уруш тегирмонига сув қўйяпти.
Исроил ва Мьянма инсон ҳуқуқларига риоя қилиши керак, деган баҳсларни давом эттириш мумкиндир. Аммо Ғарб ўлим қуролларини сотиш орқали иқтисодиётини кучайтириб олишдан ташқари бегуноҳ инсонлар ўлими учун жавобгарликдан ҳам қутулиб қолмоқда.