Қуръондаги ғайбий хабарлар: Ирам шаҳри (видео)
Бирор китоб ўқимаган, ҳеч бир ҳарф ёзмаган одам мозийнинг қоронғу қатларида яширин қолган тамаддун ҳақида гувоҳи бўлгандек гапирса ва бу хабар у зот яшаган даврдан ўн тўрт аср ўтгач, олимларнинг тадқиқотлари натижасида тасдиғини топса, нима деб ўйлардингиз? Ва қуйидаги эҳтимоллардан қай бирини қабул қилган бўлардингиз:
1. Бу зот замон ва маконларни ошиб, ўша қавмнинг асрига борган, сўнгра ўз даврига қайтиб, кўрганларини гапириб берган. Лекин буни соғлом ақл қабул қилмайди.
2. Бу зот замон ва маконларни яратган, илми билан ҳар замону маконни қамраб олган Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбаридир. Ҳақ таолонинг билдириши билан билади ва У Зотнинг хабар бериши билан билдиради. Бу маъқул вариант, зеро, қабул қилиш учун бундан бошқа танлов йўқ.
Дарҳақиқат, йўл иккита эмас, битта. Бу ҳам бўлса, у зотнинг қатъиян Аллоҳнинг пайғамбари эканига ишонишдир.
Энди у зотнинг пайғамбар ва қўлидаги фармон Аллоҳнинг Китоби эканлигини исботлайдиган мўъжизавий хабарни келтирамиз: “Раббингиз Од (қабиласи)ни нима қилди, кўрмадингизми?! (Улар) баланд устунли Ирам (шаҳридан) бўлиб, (бошқа) юртларда унинг ўхшаши яратилмаган” (Фажр сураси, 6–8-оятлар).
1990 йилнинг бошларида дунёнинг номдор нашрлари жуда ноёб археологик топилма ҳақида бонг урди. “Афсонавий араб шаҳри топилди”, “Убар – қумларнинг Атлантидаси” каби сарлавҳалар билан мақолалар эълон қилди. Мазкур топилманинг аҳамиятини оширган жиҳат Қуръонда зикри келганлиги эди. Ўша пайтгача Од қавмининг афсона эканлиги ёки асло топилмаслигини иддао қилганлар ҳайратда қолишди. Қуръонда номи келган бу шаҳарни топган киши тажрибасиз археолог, арабшунос ва ҳужжатли фильмлар ижодкори Николас Клапп эди. у 1932 йилда инглиз тадқиқотчиси Бертрам Томаснинг “Arabia Felix”, яъни “Бахтиёр Арабистон” китобини ўқиб қолади. Бу римликларнинг Арабистон яримороли жанубида жойлашган, ҳозирги кунда Яман ва Уммонни ўз ичига олган ҳудудга берган номидир.
Инглиз тадқиқотчиси Бертрам Томас Од қавми яшаган Убар шаҳри қолдиқлари топилган Уммоннинг соҳилга яқин жойига сафар уюштиради. Ўша аснода чўлда яшайдиган бадавийлар унга жуда эски сўқмоқни кўрсатиб, қадимий Убарга олиб боришини айтишади. Бертрам Томаснинг ёзганларини ўрганиб чиққан Клапп китобда тасвирланган шаҳарнинг мавжудлигини исботлаш учун икки хил ёндашувдан фойдаланди. Биринчи бадавийлар айтган сўқмоқ йўлни излаб топди ва НАСАга мурожаат қилиб, сунъий йўлдош орқали ҳудуд тасвирини олиб беришни сўради. Кейинроқ Калифорниянинг Ҳантингтон кутубхонасидаги қадимий қўлёзмалар ва хариталарни тадқиқ қилишга киришди. Қисқа муддатли қидирувдан сўнг 200 йилда Миср-Юнон географи Птолемей томонидан чизилган харитани топди. Харитада мазкур ҳудудда топилган эски шаҳарнинг ўрни ва унга олиб борадиган йўллар кўрсатилганди. Бу орада НАСА сунъий йўлдош ёрдамида олган фотосуратларда бевосита кўз билан илғаш мумкин бўлмаган, фақатгина юқоридан бир бутун ҳолда кўринадиган йўл излари ўртага чиқди. Фотосуратлардаги ва эски харитадаги йўллар бир-бирига мувофиқ бўлиб, улар тугаган нуқтадаги катта майдон бир вақтлар бу ерда шаҳар бўлганидан дарак берарди.
Шу тарзда бадавийларнинг оғзаки ҳикояларига мавзу бўлган афсонавий шаҳарнинг ўрни кашф қилинди. Олиб борилган қазишма ишларида қумлар орасидан қадим шаҳар қолдиқлари чиқа бошлади ва айнан улар “Қумлар Атлантидаси – Убар”нинг Қуръонда зикри келган Од қавмига тегишлилигини исботлаган асл далил эди. Илк дуч келинган онданоқ вайроналарнинг Ирам устунлари эканлиги аён бўлди. Қазишмаларни олиб бораётган гуруҳ аъзоси Доктор Юрис Заринснинг таъкидлашича, мазкур шаҳарни бошқа археологик топилмалардан ажратиб турадиган жиҳат баланд устунларидир. Бинобарин, у Қуръонда зикри келган Од қавмининг шаҳри Ирамдир.
“Раббингиз Од (қабиласи)ни нима қилди, кўрмадингизми?! (Улар) баланд устунли Ирам (шаҳридан) бўлиб, (бошқа) юртларда унинг ўхшаши яратилмаган” (Фажр сураси, 6–8-оятлар).