01.07.2024 17:28
2761

Нуҳ тўфони қаерда содир бўлган? (видео)

“Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди. Сўнгра Биз унга (Нуҳга) ва кемадаги ҳамроҳларига (тўфон балосидан) нажот бердик ва уни (барча) оламларга ибрат қилиб қўйдик” (Анкабут сураси, 14–15-оятлар).

Юқоридаги ва бошқа сураларда келган ояти карималар бизга ер юзида бўлиб ўтган катта тўфон ҳақида билдирмоқда. Шу даражадаки, ер юзининг жуда кўп қисмини қоплаган ва маълум бир тамаддунга барҳам берган.

Қизиқ, Қуръонда келган бу хабар тўғрисида олимлар нима дейди? Ҳақиқатан ҳам шундай тўфон бўлганини эътироф қиладими? Мавзуга оид қарашлари қандай? Қуйида мазкур ҳодисанинг мутахассислар томонидан қай тарзда исбот қилинганига тўхталамиз.

Бир ҳазора дафъатан, яъни табиий офат, тез суръатдаги кўчиш ёки жанг натижасида йўқ бўлса, унга доир излар анча яхши сақланади. Чунки бундай ҳолатларда одамларнинг яшаган жойлари, кундалик ҳаётда фойдаланган буюмлари қисқа муддатда тупроқ остида қолади ва узоқ вақт қўл тегмасдан сақланади. Кун юзига чиққанидан сўнг эса ўтмиш ҳақида муҳим маълумотлар беради.

Нуҳ тўфони билан боғлиқ бир қатор далиллар ҳам шундай юзага чиққан. Милоддан тахминан уч минг йил олдин рўй берган тўфон бутун ҳазорани бир лаҳзада маҳв этиб, ўрнини тамоман бошқа цивилизация эгаллашига йўл очган. Шу тарзда ҳодисага тегишли далиллар ибрат олишимиз учун минг йиллар мобайнида сақланиб қолган.

Месопотамия текислигини қоплаган тўфонни ўрганиш учун бир қатор қазилма ишлари олиб борилган. Ҳудуддаги Месопотамиянинг асосий шаҳаларидан бўлган Ур, Урук, Киш ва Шуруппакда шиддатли тошқиндан қолган аломатлар топилган. Олиб борилган археологик қазишмалар мазкур шаҳарларнинг тахминан милоддан уч юз минг аввал тошқин остида қолганини кўрсатади.

Инглиз археологи Леонард Вулли Бағдод ва Форс кўрфази ўртасидаги чўлда Британия музейи ва Пенсильвания университети ҳамкорлигида олиб борилган қазишма ишларига раҳбарлик қилди. “Ридерз Дайжест” журналида Вуллининг изланишлари шундай баён қилинади: “Қазишма бўлаётган ҳудудда чуқурликка тушиб борилгач, жуда муҳим топилма – Ур қиролларининг қабри топилди. Археологлар Шумер қироллари ва олийнасаб кишилар дафн этилган даҳмада афсонавий санъат асарларига дуч келишди. Найзалар, қиличлар, мусиқа асбоблари, олтиндан, қимматбаҳо тошлардан қилинган осори атиқалар...

Ишчилар лой босган ғиштлар оралаб яна бир метрча пастга тушишди ва топилмаларни чиқара бошлашди. Кейин эса ҳаммаси бирданига тўхтади. Бундан бу ёғига ҳеч нарса йўқ, фақатгина сув олиб келган тоза лой бор эди, холос...

Вулли қазишда давом этди. Икки ярим метрлик гил қатламидан ўтиб, пастга тушишди ва ишчилар ўша давр кишилари қайроқтошдан ясаган буюмлар, коса ва қозон парчаларини кўришди. Тоза лой остида эса бир ҳазора қолиб кетгани аён бўлди. Буларнинг ҳаммаси минтақада сув тошқини майдонга келганининг тасдиғи эди. Шунингдек, микроскопик таҳлиллар қалин гил қатлами қадимги Шумер цивилизациясини йўқ қиладиган даражадаги катта ва шиддатли тошқин оқибатида тўпланганини кўрсатди”.

Қазишма ишлари сўнгида сэр Вулли шундай хулоса қилди: “Бир вақтнинг ўзида ҳосил бўлган бундай катта лой қатлами ўта кучли тошқиндан дарак беради. Бу афсонавий Нуҳ тўфонининг қолдиқлари бўлиши мумкин”.

Олмон археологи Вернер Келлер ҳам мазкур қазишманинг натижасини бундай ифодалайди: “Месопотамияда олиб борилган тадқиқотларда лой қатламининг остидан шаҳар қолдиқлари топилиши бу ерда сел бўлганини исботлади”.

Энди эса олимлар эътироф этган оламшумул тўфонга оид 1400 йил олдин Қуръон билдирган хабарларга назар ташлаймиз:

«Нуҳга ваҳий қилинди: “Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари туфайли ташвиш чекма! Бизнинг кузатувимиз ва ваҳиймиз (амримиз) билан кемани ясагин ва зулм қилганлар ҳақида Менга (асраш тўғрисида) хитоб қилмагин! Улар, албатта, ғарқ қилинувчилардир!”» (Ҳуд сураси, 36–37-оятлар);

«У (кема) уларни тоғлардек тўлқинлар ичида олиб борар экан, Нуҳ чеккада турган (Канъон исмли) ўғлини чақириб деди: “Эй ўғилчам! Биз билан бирга (кемага) мингин! Кофирлар билан бирга бўлмагин!” У (ўғли) деди: “Мени сувдан сақлайдиган бирор тоққа (чиқиб) паноҳ топарман”. (Нуҳ) деди: “Бугун У раҳм қилганлардан бошқасига Аллоҳнинг амридан сақлаб қолувчи (ҳеч қандай куч) йўқдир”. (Шу пайт) иккисининг ўртасини бир тўлқин тўсди ва (ўғли) ғарқ қилинганлардан бўлди. (Сўнгра) айтилди: “Эй Ер! Сувингни ютгин! Эй осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)” Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи) узра қўнди ҳамда “Золимлар қавмига – ҳалокат!” дейилди» (Ҳуд сураси, 42–44-оятлар).

Қуръоний хабар билан олимларнинг хулосалари бу қадар мувофиқ келиши нимани билдиради? Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигини инкор этадиганлар унинг 1400 йил олдин мазкур тўфондан хабар берганини нима билан изоҳлашади? Одам боласининг ўзидан-ўзи минглаб асрлар олдин бўлган тошқин ҳақида худди кўриб келгандек гапириб бериши мумкинми? Бошқа масалаларда олимларнинг сўзини далил сифатида тан оладиган кимсалар Нуҳ тўфони борасидаги бу қадар илмий очиқлама олдида кўзларини юмиб, қулоқларини беркитишадими?

Ҳақиқат шуки, илм яна бир бор Қуръонни тасдиқлади ва олимлар Қуръонда келган маълумотларнинг тўғрилигини ўз хулосалари билан исботлашди.

Бир сўров билан сўзимизни якунлаймиз: уммий бўлган бир зот қўлидаги китобга таяниб, асрлар олдин юз берган тошқиндан кўриб тургандек дарак берди. Сўнгра бу хабар юз йиллар ўтиб даврининг бутун тарихчилари, археологлари томонидан тадқиқ қилиниб, тасдиқланди. Шунда ҳам бу инсон ўтмишу келажакдан хабардор Аллоҳнинг пайғамбари ва қўлидаги китоб эса У Зотнинг фармони эканлигидан шубҳаланишимиз тўғрими?

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.